Токи тирик эканман

Токи, тирик эканман, демак,
Ўлим хавфи юрар, ёнимда.
Яқинлашар тобора ажал,
Унинг қасди бордир, жонимда.

Ўйланаман гоҳо, жасадим,
Қоларми деб, шу тупроқларда.
Аждодларим, ҳоки қолгандек,
Ғурбатларда, ва узоқларда.

Менинг азиз фарзандим, кейин,
Ватан қилгайми бу маъвони?!
Ёки қайтиб, ота ватанга,
Тарк этарми бундай даъвони?!

Болам, отанг ватани узоқ,
Балким, қолар жасади бунда.
Лекин, сенинг қисматинг фироқ,
Бўлишидан қўрқаман, унда.

Сени роббимга топширганман,
Чунки, муаммоим битмасдир.
На тириклик ва на ўлимга,
Бошдан оёқ ақл етмасдир.

…………….

Бугун ихтилофларни кўриб,
Нимага деб, бўлманг ҳайронлар.
Таърихлар қаърида ҳам, асло,
Оз эмасдир, тўкилган қонлар!

Турли миллат, турли тоифа,
Бир бирига ёв бўлган, доим.
Бир-бирин рад қилар, ғоялар,
Бари истар, бўлишни қоим.

Шунақадир инсон фитрати,
Буни ўзгартириш, беимкон.
Демак, тугагунча бу ҳаёт,
Кураш бўлар, тўкилади қон!

—————