Шоирдан шеър қолади

10612901_1468630333426704_173859211399091935_n
Жўрабек Рамазонов 2014 йил 31 ёшида тўсатдан дунёдан ўтган Сурхондарёлик шоир укамиздир. Аллоҳ уни гуноҳларини мағфират қилсин. У 29 майда туғилган экан. Агар у тирик бўлганда ҳозир 33 га кирган бўларди. Бу ёш шоир йигитнинг шеърларидан сайтимиз ўқувчиларига тақдим қилаяпман. Бу шеърларни ўқиб, истеъдод эгаси кетганига амин бўлдим.

ҚАЛДИРҒОЧНИНГ МАКТУБИ

Бойсунтоғда қизғалдоқлар алвон бўлди,
Қизғалдоқни кўриш менга армон бўлди;
Қадам босган ерим дашту ёбон бўлди,
Алпомишим, полвон оғам, келмайсанми?

Чўкирлининг чўлларида юрган қушман,
На тирикман, на ўликман, на беҳушман.
Сен кетдинг-у, теваракка тўлди душман,
Менинг марди майдон оғам, келмайсанми?

Ҳадик босди, ғусса босди ёш-қарини,
Таниёлмай қолди бугун эл эрини;
Оқпадарга бериб қўйди тинч ерини,
Эл дардига дармон оғам, келмайсанми?

Сен йўқ эдинг, юртга Ултон султон бўлди,
Отанг обкаш, синглинг чўлда чўпон бўлди.
Замон зўрга бўйсундирар замон бўлди,
Қаро бўлди осмон, оғам, келмайсанми?

Сен ёшликдан ғурур ила ўсган эдинг,
Ғанимларнинг йўлларини тўсган эдинг.
Қоражоннинг арқонини кесган эдинг,
Бўйнимизда арқон, оғам, келмайсанми?

Ўз уйини ўзи сотган номардни кўр,
Ўз юртига черик тортган номардни кўр,
Бой отангга мешни ортган номардни кўр,
Қўнғиротга қалқон оғам, келмайсанми?

Тили чучук Бодом бикач бека бўлди,
Бека қўлин ким ўпса шу эрка бўлди.
Нима зулм бўлса, шўрлик элга бўлди,
Золимларга қирон оғам, келмайсанми?

Кўзларингнинг қароғига қурбон бўлай,
Чопонингнинг қуроғига қурбон бўлай,
Бойчиборинг туёғига қурбон бўлай,
Жоним сенга қурбон, оғам, келмайсанми?

Кел, ватандан ватансиз беимонни қув,
Тили бошқа, дили бошқа томонни қув,
Тўқсон алпни енгдинг, битта Ултонни қув,
Ватанимиз вайрон, оғам, келмайсанми?

Сенинг ўрнинг зиндон эмас, ахир, қоя,
Ўз уйингни, ўз элингни қил ҳимоя.
Келмасанг ҳам бораман деб айт – кифоя!
Шу ҳам бизга имкон, оғам, келмайсанми?

Алпомишим, полвон оғам, келмайсанми?..

1999 йил

10488115_275956399276232_3181802567921667241_n Шоир 4 яшар қизчаси билан 2014 йилда тушган сурат.

Бўлмас

Ўртага тушганда гина, зардалар,
Сидирилар юздан ниқоб, пардалар.
Аммо минг йил яшаса ҳам қарғалар,
Бир-бирига кўзин чўқитиб бўлмас!

Эҳтимол ҳайкални бўлар кулдириб,
Ё тоғни ўрнидан бир оз жилдириб…
Китоб варағига арпа тўлдириб,
Қирқ йилда эшакни ўқитиб бўлмас!

Ким жиндек эпкиндан даҳшага тўлар,
Ким даҳшат қошида бепарво кулар.
Хатодан қўрққанни қўрқитиб бўлар,
Худодан қўрққанни қўрқитиб бўлмас!

……

* * *
Хотирам сафҳасин қанчалар титмай,
Ёдимда қолгани биргина бўлим;
Қўлимдан келгани – қўлингдан тутмай,
Сочингни бир марта силаган қўлим.

Мана шу умримга бир умр соя,
Ўзга бир орзуни қувмай яшадим.
Сочларинг ифори кетмасин дея
Ўн беш йил қўлимни ювмай яшадим.

Кифоя эмасми кунда куйишим,
Юрагинг юганин бўшатиб қўй сал.
Эҳтиёт бўл, жоним, қўлни ювишим
Шарт бўлар қўлтиққа уришдан аввал.

……..

ФБдан олинди.