БОЙМИРЗА ҲАЙИТ САБР-БАРДОШИ


Ватан дардига тушиб, истиқбол даъвоси учун курашишга бел боғлаганимдан бери бир кун келиб халқимизнинг ҳурриятга эришажагига ҳеч шубҳа қилмадим. 52 йилдан кўпроқ вақт мобайнида ватанимдан жудоликда яшадим ва бу озодлик учун курашда ўзимнинг муносиб еримни олдим. [1]

БОЙМИРЗА ҲАЙИТ (1917.17.12 – 2006.31.10)

КИРИШ СЎЗИ (2018 йил 1 январ)

Туркистон мустақиллиги ва бирлиги учун умр бўйи курашган Боймирза Ҳайитдек улуғ ватандошимиз ҳаёт бўлганида 2017 йил 17 декабр куни 100 ёшга тўлган бўларди. Мен у ҳақда 2011 йилда катта мақола ёзгандим ва АҚШда яшаётган журналист Жаҳонгир Маматовнинг http://www.turonzamin.org сайтида чоп эттиргандим ([3]-га қаранг).

АҚШ ҳукумати менга сиёсий бошпана бергани сабабли қочқин сифатида Айдахо штати маркази бўлмиш Бойси шаҳрида 2010 йил 21 январдан яшай бошладим. АҚШга келгач ҳам Ўзбекистон ва АҚШ махсус хизматларининг ўзаро ҳамкорлиги, аниқроғи ҳамтовоқлиги натижасида менга қарши тазйиқлар давом этди. Мени 2010 йил июлидан 2012 йил январига қадар 3 марта асоссиз равишда ишдан ҳайдашди. Шундан сўнг мен Бойси шаҳридан 3800 километр нарида жойлашган АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрига бориб яшашга қарор қилдим.

Вашингтонга 2012 йил 2 март куни учқичда келдим. Шу келишим арафасида Жаҳонгир Маматов ва унинг ҳамтовоқлари http://www.turonzamin.org сайтида чоп этилган менинг 100 тага яқин мақолаларимни, жумладан «Боймирза Ҳайит сабр-бардоши» номли катта мақоламни ўчириб ташлашибди. Бу билан Жаҳонгир Маматов Боймирза Ҳайитнинг ёрқин хотирасига нисбатан ҳам нотўғри муносабатда эканлиги ва унинг Боймирза Ҳайит ҳақида айтиб ҳамда ёзиб юрган гаплари анчайин сохта эканлиги маълум бўлди. Мен шу сабабли мақоламнинг ушбу вариантида Жаҳонгир Маматов билан боғлиқ маълумотларни чиқариб ташладим. Мақоламнинг айрим жойларига озроқ тузатишлар ва қўшимчалар киритдим.

Туркистон мустақиллиги ва бирлиги учун умр бўйи курашган Боймирза Ҳайитдек улуғ ватандошимиз ҳаёт йўлини ҳар биримиз билишимиз ва ундан ўрнак олишимиз керак.

Кейинги вақтларда хориждаги мухолифат фаоллари ва раҳбарлари яқинлари вафот этаётгани ҳақидаги ноҳуш хабарлар сайтларда чоп этилмоқда. Ўз она ёки отангиз, ака-укаларингиз, болаликдан бирга катта бўлган яқин қариндошингиз ёки дўстингиз Ўзбекистонда вафот этганида уни сўнгги манзилга кузата олмаганингиз ва қабрига бир сиқим тўпроқ ташлай олмаганингизни ўйлаб қаттиқ изтиробга тушасиз.

Мана шундай қийин кунларда Боймирза Ҳайитдек улуғ ватандошларимизнинг ҳаёт йўли ва сабр-бардоши ҳар биримиз учун ўрнак бўларлидир. Аллоҳ синови бўлмиш қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтиш ва улуғ мақсад йўлида бардавом бўлиш борасида мен ўзим учун ўрнак деб билган машҳур ватандошимиз Боймирза Ҳайитнинг ҳаёт йўли ҳақида ушбу мақоламда сўзлаб бермоқчиман.

Мен Боймирза Ҳайит тақдирига доир маълумотлар ва айрим фикрларимни хорижда бир неча йиллардан бери яшаётган, ўз яқинлари вафотидан қайғуга ботаётган ҳақиқий қочқин укаларимиз ҳамда ёшларимизга қарата ёзмоқдаман ва унинг сабр-бардошидан ўрнак олишга даъват қилмоқчиман. Шахсан ўзим яқин қариндошим бўлмиш Аҳадова Ҳабиба аммам вафот этганида АҚШ ва ўзбек махсус хизматлари қаршилиги туфайли телефон орқали АҚШдан боғлана олмаганим ва ўша қийин кунларда Боймирза Ҳайит ҳаёти ҳамда сабру бардошидан ўрнак олганим ҳақида мақоламнинг охирги 30-параграфида ёзаман.

Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

АҚШ, Вашингтон шаҳри

1. БОЙМИРЗА ҲАЙИТ ТАҚДИРИ

Ҳар биримиз кечираётган қийинчиликлар ва изтиробларни раҳматли профессор Боймирза Ҳайит кечирган қийинчиликлар билан таққослаб кўриш учун унинг ҳаётидан муҳим маълумотларни келтириб ўтаман. Шунингдек мақолам давомида унга доир айрим фактлар ҳамда фикрларимни, охирида эса баъзи бир фикр-мулоҳазаларимни ёзаман.

Умуман олганда, Туркистон мустақиллиги ва бирлиги учун умр бўйи курашган Боймирза Ҳайитдек улуғ ватандошимиз ҳаёт йўлини ҳар биримиз билишимиз ва ундан ўрнак олишимиз керак.

“Мен 1917 йилда, Октябр инқилобидан бир ой кейин (декабр ойида, А.Ш.) Қўқон мухторияти кунларида деҳқон оиласида туғилган эканман. Бир она (Робия) ва бир ота (Ҳайитмирза)нинг 15 фарзандидан 9-чисиман. Бошланғич мактабни Наманган даҳасининг (кейин Уйчи даҳаси) Ёрқўрғон қишлоғида, ўрта мактабни Наманган шаҳрида, олий таълимни Тошкентда кўра олдим” [4]

“Боймирза олти ёшида диний таҳсил берувчи мактабда билим олди. Етти ёшида “жадид мактаби” деб аталувчи янги мактабга кирди. 1923 йилдан 1933 йилгача ўқиб, ўрта маълумотли бўлди. 1934 йилда Тошкент университетининг Тарих факультетига имтиҳон топширди…

Совет Иттифоқида қатағонлар авжига чиққан 1937-39 йилларда Боймирза Ҳайит ҳали талаба эди, аммо масаланинг моҳиятини яхши англади. Хатар қузғуни ўз бошида ҳам айланиши мумкинлигини фаҳмлаб, 1939 йили университетнинг сўнгги курсида ўқишни ташлаб, Наманганга қайтди. У муаллимлик қила бошлади» [5]

“Тошкентнинг Бешёғоч маҳалласида жойлашган педагогика институтида (ҳозирги Низомий номидаги Педагогика университети, А.Ш.) қисқа вақт ичида “ўқитувчиликни” ўргатдилар. Дастлаб Тўрақўрғонда муаллим бўлиб ишладим. Сўнгра Уйчи районига юбордилар. У ерда ҳам ўқитувчилик қилдим. Кейин район маориф бўлимининг мудири лавозимига тайин этдилар.

Шу билан бирга Тошкентдаги педагогика институтининг тарих факультетига сиртдан ўқишга имкон бердилар. Кундузи вазифам билан, кечаси дарс тайёрлаш билан шуғулландим. Давлат имтиҳонларини ёз ойлари (1939-йилда) топширдим. Шу йил “намунали ўқитувчи” деган ном бердилар ва “Ҳурмат белгиси” нишонини ҳам тақдим этдилар” [4]

2. БОЙМИРЗА ҲАЙИТ КАСАЛЛАНИШИ

“1939 йилнинг ёз ойларида ревматизм касалига учрадим. Шол бўлиб қолдим. Аввал, табибларнинг ҳаракати, Оллоҳнинг марҳамати ва Жалолободдаги шифо сувининг таъсири боис ноябр ойида (1939 йил, А.Ш.) икки қўлтиқтаёқ билан зўрға оёққа турадиган даражага етишдим.

1939 йилнинг ноябрида Уйчи район ички ишлар шуъбасининг бошлиғи Монғишев чақириб: “Бизга сизни қамаш ҳақида буйруқ келди”, деди. Мен: “Энди нима учун бундай буйруқ? Октябрнинг боласи Октябрга қарши бўладими? Туҳмат борми?”, дедим. Эртасига прокурор Болакеев йўқлади. У “Сени қамоққа олишимиз керак. Аммо сени қамоқхонага юбормоққа қаршиман. Бунинг учун Қизил армияга кет”, деди. Мен “хўп” дедим.

Орадан уч-тўрт кун ўтгач, район ҳарбий комиссариатининг сафарбарлик комиссиясидан даъват келди. У ерга бордим. Докторлар: “Бу одам бундай касал экан, уни аскарликка қабул этишмайди”, деб қарор бердилар.

Бир дўстим, Марғилонли Ўктам Аҳмад: “Қамоқхонага кетгунча, Қизил армияга кетиш яхшидир. Бунинг учун маршал Ворошиловга телеграмма юбориб, мен касал бўлганлигим учун ҳарбий хизматга олмадилар. Ватанга хизмат қилмоқни истайман. Бунинг учун мени армияга қабул этишингизга рухсат сўрайман”, деб ёз деди. Шундай қилдим. Маршалдан буйруқ келди. Қўлтиқтаёқ билан сафарбар этилганлар сафига киритдилар.

1939-йилнинг 24-декабрида Наманган шаҳридаги оташарава (поезд) станциясидан юк вагонлари ичига киритишди. Худо раҳматли онам: “Ўғлим, мендан айрилмасдан аввал қариндош-уруғларимиз ва дўстларимиз қаршисида калимаи шаҳодатни ўқи”, дедилар. Мен орзўларини ижро этдим. Ота-онам ва ватанимдан ажралган ҳолда йўлга чиқдим” [4]

3. ҲАРБИЙ ХИЗМАТ САРИ ЙЎЛ

“Йўлда дардим оғирлашди. Ватандошларимизнинг ҳимматлари билан улардан ёрдам кўрдим. Оллоҳ уларга кўрсатган марҳамати учун қутлуғ йўлласин. Бир ойдан кейин (1940 йилда) Чижой деган жойига келдик. Бизни қабул этган офицер: “Нима учун бу касал одамни бизга юборишган”, деди. Биз билан борувчи: “Ўртоқ капитан, бу одам йўлда касал бўлди. Бунга қўлтиқтаёқ топдик ва бу ерга келтира бордик, чунки хизмат этмоқни истайди”, деди. Капитан докторнинг ихтиёрига ҳавола этди. Баҳорга қадар тузалдим. Танк қисмига тайин этдилар …” [4]

4. АСИРЛИК АЗОБЛАРИ

“Июл ойининг бошида (1941-йил) бомба парчаларидан бўлаги ўнг оёғимга келиб теккан эди. Бундай бир заиф, ярадор, оч ва сувсиз қолган бир вақтда олмонларга асир тушдим. Асирлик бизни Зилицк шаҳри яқинидаги асирлар лагерига киритдилар. Бу лагерда олмонлар асирлар орасидан яҳудийларни излаша бошладилар.

Қандайдир бир одамга ўхшаган Оллоҳнинг бир ҳайвони, “Булар (бизни кўрсатиб) яҳудийлар” деб маълумот берибди. Олмон офицери одамнинг сочига, бурнига ва суннат ерига қараб, “яҳудий” деб қарор чиқаргач, буларни отиб ўлдиришарди.

Навбат менга келди. “Отишга ол”, деб у буйруқ берди. Мен ялинган ҳолда таржимонга (таржимон бир лазгин эди, олмонча-русчани яхши билган кавказли яҳудий экан) айтдим: “Ўлдирмасдан аввал, икки ракат намоз ўқишга рухсат сўрайман”. Офицер ўқисин дебди. Намоз ўқидим. Дуо ўқиганимдан кейин, “Амр этингиз, мен ўлимга ҳозирман”, дедим. Олмон офицери ҳайрон бўлди. “Яҳудий эмасмисан”, деди. Мен, “Йўқ, яҳудий эмасман, мусулмон ва турк-ўзбекман”, дедим. У икки қамчи урди ва кет, деди. Асирлар орасига қайтиб кириш насиб бўлди.

Асирликнинг жабри-жафоларини баён этмоқ учун туйғу ва ирода етишмайди. Бу инсон ҳаётидаги фожиалар тўпламидир.

Польшанинг Чнестахов шаҳрида асирлик кунларини бошимдан кечирдим. Бу лагерда, аввалон, ёрдамчи ишчи, ишчи, ошпаз, сўнгра биринчи ошхона бошлиғи, гуржистонлик Удигиндан кейин асирлар лагерининг ушбу ошхонасига мудир бўлдим” [4]

“Асирлар лагерида дунё тарихида кўрилмаган хўрликларни кўрдик. Биз ишонган давлат ва Сталин очиқдан-очиқ байналмилал қизил ой жамиятига: “Биз асирларни танимаймиз ва бунинг учун уларга ёрдам бера олмаймиз”, дейишган экан. Бунинг устига “доно ва доҳий Сталин” ўзининг 270-сонли буйруғи билан “совет асирлари қаерда тутилса, шу ерда йўқ этилсин”, деган “доҳиёна”, аслида ваҳшиёна амрини билдирган” [4]

“Қизил Армияда жангга кирганим ва ҳарб асири бўлиб қолган 2 йилу 6 ой ва 12 кунлик бир замон
ҳаётимнинг энг маъносиз қисми эди. 15 март 1942 йилда Миллий Озодлик ҳаракатига қўшилдим ва у вақтдан бери бу ҳаракатнинг ичида фаолият кўрсатиб келяпман” [1]

5. ТУРКИСТОН ЛЕГИОНИДАГИ ФАОЛИЯТ

Туркистон легионининг нишони

“Бизнинг аҳволимизга йиғлайдиган “маймунлар” ҳам йўқ, деган таассурот остида эдик. Оврўпода икки туркистонлик – Мустафо Чўқай ва Вали Қаюмхон – бизнинг фожиали қисматимизни ўрганганлар ва бизларни кутқариш учун йўллар қидиришган.

Шуни ҳам баён этайинки, Чнестахов шаҳридаги лагерда 260 мингга яқин туркистонли асирлар тўпланганди. 1942-йилнинг баҳорига келиб фақат 300 га яқин юртдошларимиз тирик қолишди. Совуқ, очлик, касаллик кўпчиликнинг умрига зомин бўлди.

Олмонлар рус бўлмаган Қизил Армиядан келган кўнгилли ўлароқ аскарликка қабул қилишга қарор қилишганди. Шу асосда 1942-йилнинг март ойи ўрталарида Туркистон легионига кирдим. “Аскар бўлиб, Туркистон учун курашамиз, Москванинг зулмидан ўзимизни, яъни халқимизни қутқарамиз”, деган ёшлар Туркистоннинг нима эканлигини билмас эдилар.

Легионнинг бир қисм ҳолида, Туркистон фидойилари компаниясини ташкил этишган экан. Фидойиларда Туркистон тарихи ҳамда жуғрофиясини ўргатадиган одамларни излаганлар ва мени ҳам бунга қобилиятли кўришган. 1942-йилнинг 6-октябридан бу ерда Туркистон тарихини ўргатиш билан машғул бўлдим. Мактабларда таълим олган вақтида ҳеч бир устозим Туркистон тарихи ҳақида таълимот бермаган эди. Туркистон тарихини ватанда, талабалик вақтида ва легионда, Бартольднинг “Туркистон тарихи” (русча), “Туркистон мўғул истилоси замонида”, “Туркистон маданий ҳаёти тарихи” (рус тилида) асарларини яхшигина ўзлаштирган эдим” [4]

“Олмон давлати 24 март 1945 йилда Туркистон легионини, Туркистон Миллий армияси, Туркистон Миллий Бирлик қўмитасини Туркистон Миллий Ҳукумати сифатида расмий васиқа билан таниди.
Урушдан кейин… Б. Ҳайит омон қолди ва илмий оламга шўнғиди… [Ҳафталик “Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати”, 1992 йил, 3 июл, 4-бет]” [5]

“Уруш тугади. Урушнинг сабаб-уқубатларини кўргандан кейин яна бир ҳаяжонли ҳаёт ичига киргандек бўлдик. Буларни орасида мен ҳам бор эдим. Кўп юртдошларимиз Совет Иттифоқига қайтмасликни истадилар. Лекин уларни мажбурий равишда Совет Иттифоқига йўлладилар. Баъзилардан, 800 га яқин кишилар бу тарафларда қолиб кетишга муваффақ бўлдилар. Улар орасида мен ҳам бор эдим” [4]

6. ДОРИЛФУНУН ТАЪЛИМИ ВА ДОКТОРЛИК ДИССЕРТАЦИЯСИ

“Урушдан кейин Олмония дорулфунунларидан бирида таҳсил олмоқ орзўсида эдим. Бунга муваффақ бўлдим. Мюньхен дорулфунунининг (1946-1950-йиллар) фалсафа факультетида, Ислом илмлари (араб, эрон, турк тиллари ва ислом тарихи), яъни янги замон тарихи ва славяншунослик (рус, украин, поляк, чех, словак, серб тиллари) бўлимида ўқидим.

Имтиҳонларни топширгандан кейин “Қўқон ва Олаш Ўрда ҳукуматлари” мавзусида ёзган диссертация асосида фалсафа доктори унвонини олдим. 1951-йилдан эътиборан илмий тадқиқотлар билан машғулман.

Оврўпада тўғридан тўғри Туркистон тарихи ва маданияти билан шуғулланувчи илм одамлари бўлмаганлиги сабабли менинг олмон профессорларим менга Туркистон тадқиқотлари билан машғул бўлиб, бу соҳадаги бўшлиқни тўлдиришга хизмат этишимни тавсия қилишди. Мен бир тарафдан буларни тавсияси ва асосан ўзимнинг ватан туйғуларимни ифодаси ўлароқ шу йўлдан боришни ният этдим” [4]

7. ҲУР ФИКРГА ҚАРШИ СОВЕТ ТАШВИҚОТИ

“1956-йилдан эътиборан, Совет Иттифоқида ва Туркистонда менга қарши, яъни фикрларимга қарши жиддий ташвиқот бошладилар. Мени “ватан хоини”, сотқин, гитлерчи, қотил, империалистларнинг айғоқчи-хизматчиси, Ўрта Осиё тарихини ва ленинча миллий сиёсатни сохталаштирувчи, пантуркист, панисломист, жосус, миллатчи” каби шиорлар билан тасвир этишга киришилди. Менга қарши ҳисобсиз мақолалар, рисолалар, китоблар ва радиоэшиттиришлар уюштирилди. Бундай туҳматлар билан халқимизнинг кўзини бўядилар, афкор умумиятнинг фикрларини буздилар ва ҳатто чет мамлакатдаги дўстлари ва лаганбардорлари воситаси билан менинг фикр-фаолиятимга зарба бермоқ йўлидан кетдилар” [4]

“Туркистон масаласи бўйича очиқ-ойдин айтган фикрларим Коммунистик Совет диктатурасининг ва у билан маънодош бўлган Рус шовинизмининг ғазабини уйғотди. Бу боис Совет пропагандасининг тиғига дучор бўлдим.

Қўлимдаги материалларга асосланиб, ўзимни кўп йиллар Совет ҳужумларига дучор бўлган ва талофот кўрган, қувғиндаги бир фикр одами бўлганимни айта оламан. Собиқ Совет тарихчиларидан ўрганганимга кўра шўроларнинг менга қарши нашр қилган китоб, рисола, мақолалари, телевидение ва радио программаларининг жами сони 1000ни ошмоқдадир. Буларга қарамасдан Совет тарғибот машинасининг ёлғонларини фош қиладиган ҳеч бир асар ёзмадим.

Совет тузумининг менга қарши жиддий тарздаги ёлғон тарғиботи Горбачевнинг замонида, яъни 1989дан бошлаб оз бўлса ҳам ижобий томонга ўзгара бошлади. Лекин бу менга қарши уюштирилган буҳтонларнинг тугаганини билдирмас эди. Эскиси қадар буҳтон ва туҳматлар қилинмаётган бўлса ҳам гоҳ-гоҳ бошимга Совет пропагандачиларининг туҳмат ва ҳақоратлари ёғиб турди.

Мисол учун, 1989 йил сентябрь ойида Истанбулда Туркистонликларнинг Қурултойи бўлди. Ўзбекистон Совет ҳукуматининг маддоҳи “Совет Ўзбекистони” газетасининг 1989 йил 15 декабрь сонида Дарвеш Али ниқоби остида “Ўлганни тирилтиришга уринганлар” сарлавҳали бир мақола ёзилди. Мақолада шу туҳматлар бор эди: “Ҳар ким отнинг қашқасидек жуда яқиндан таниган Боймирза Ҳайит яна бошқа ўлкаларга сафарга чиқди. У борган мамлакатларда Ўрта Осиё жумҳуриятларидаги коммунистик зулмни ифода қилувчи баёнотлар бермоқда… Бу йилнинг сентябрь ойида у Туркистонлик қувғинлар орасида Советларга қарши сиёсий фаолиятини кучайтириш учун Туркиянинг Истанбул шаҳрига борди”.

Мен 1989 йил ичида Туркияга ҳеч борган эмасман. Буни ғоят яхши билганлари ҳолда Совет ялоғини яловчилар ёлғон ёзишдан ҳеч чекинишмади» [1]

“1987-йилга қадар 9 китоб, 11 рисола, 260 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалар ёзиб нашр эттирдим. Буларнинг ёнида илмий анжуманларда Туркистон тарихи ва бу билан боғлиқ бўлган масалалари мавзусида маърузалар ўқидим. Дунёнинг қайси мамлакатида, чет юртларда туркистонликлар бўлишсалар, у ерларда Туркистон миллий масалалари билан машғул бўлдим. Унинг натижасида кўп сонли дўстлар ҳам топдим. Ҳозир (1991 йилда, А.Ш.) 1974-йилда ташкил этилган Туркистон Тадқиқотлари институтининг бошлиғи бўлиб, тадқиқотларга даъват этмоқдаман” [4]

8. 1990 ЙИЛ: ЮРАК ОПЕРАЦИЯСИ ВА АҚШГА САФАР

1990 йил феврал ойида Германияда дўхтирлар Б.Ҳайитнинг касал юрагини операция қилишди.

1990 йил март ойи бошида Муҳаммад Солиҳ Москвадаги АҚШ элчиси Метлокнинг таклифи билан 4 кишилик гуруҳ таркибида АҚШга бир ойлик сафарга борди. У Сиэтл шаҳрида бўлганида меҳмонхонага Б.Ҳайит телефон қилган. У М.Солиҳга: “Сизнинг ижодингиз ва сўнгги йилларда ёзган ишларингиз билан яхши танишман. Яқинда юрагим амалиёт қилинганди. Агар бир ҳафта ичида ўзимни яхши ҳис қилсам, Америкага сизни кўришга келаман, гаплашадиган гапларимиз кўп” деган. [7]

М.Солиҳ гуруҳ таркибида Сиэтлдан кейин Луизиана, Сан-Антонио ва яна бир неча штатларда сафар дастурини адо этган. Нью-Йорк дастури бошланганида мутасаддилардан қолган бир ҳафтада ижозат сўраб, Нью-Йоркда жойлашган ўзбеклар ёнига кетган.

“Нью-Йоркда “Туркистон” жамиятининг раиси Неъмат Бегиш кутиб олди. Бир неча ўзбек хонадонида меҳмон бўлдим. Ҳаммаси самимий қаршиладилар. Ўзбекистон ҳақида кўп сўрадилар, кўп суҳбатлашдик.

Туркиядан Аҳад Андижон деган йигит етиб келди. Уни танимас эдим. Туркияда ҳам “Туркистон” жамияти бор экан, унинг раиси экан. Ўзи жарроҳ, аммо сиёсат билан қизиқаркан.

Икки кун сўнгра Олмониядан Боймирза Ҳайит учиб келди. Ёши олтмишдан ошганига қарамай, бақувват эди. Фақат юрак амалиётидан сўнгра тўққиз соат учоқда ўтириш осон иш эмасди. Оёқлари шишиб кетганди. Мен шунча заҳматнинг кераги йўқ эди, дедим. Э, қизиқсиз, сизларни яна қачон кўрамиз, деди кулиб бу аскар одам.

Боймирза ака билан беш кун давомида мириқиб суҳбатлашдик. Миллий масала бўйича қарашларимиз деярли бир хил эди. Унинг китобларини ўқимагандим, аммо унга қарши Совет матбуотида босилган қораловчи мақолаларни ўқигандим.

Нью-Йоркда, аср бошида “Босмачилар ҳаракати” номи билан машҳур бўлган миллий озодлик ҳаракати лидерлари Шермуҳаммадбек (Кўршермат)нинг авлодлари билан ҳам учрашдим.

Кейин Боймирза Ҳайит, Аҳад Андижон ва мен Вашингтонга кетдик. Бизга Нью-Йоркдаги “Туркистон” жамиятининг эски раиси Абдулла Хўжа ҳамроҳлик қилди. Абдулла Туркистон даъвоси билан етишган ёшлардан эди. Самимий инсон, Нью-Йоркда экан, унинг уйида қолгандим.

Вашингтонда Совет пропагандасининг яна бир салбий қаҳрамони Рўзи Назар билан кўришдим. У саксон иккинчи йилда “Литературная газета”да чиққан бир мақолада Рим папасига суиқасд ташкилотчиларидан бири ўлароқ тасвирланганди.

Рўзи Назар ҳам Боймирза Ҳайит каби “Туркистон легиони” мансубларидан, олмон хонимга уйланган, сўнгра АҚШга келиб, Пентагоннинг тадқиқот бўлимида, дипломатик вазифаларда ишлаган киши. Кўпни кўрган ва жуда кўп нарсани билган одам. Суҳбатларимиз жуда мароқли бўлди” [7, 90-91-б.]

М.Солиҳ 1990 йилда АҚШда Б.Ҳайит билан ўтказган беш куни ва суҳбатлари ҳақида каттароқ мақола ёзса бўларди. Ҳар ҳолда Б.Ҳайитдек улуғ тарихий шахс хотираси учун, халқимиз тарихи учун бу хотиралар ҳам муҳимдир. Қолаверса, бу беш кунлик дунёдир. Раҳматли Б.Ҳайит кетган томонга ҳар биримиз эртами-кечми кетамиз. Биздан кейинги авлодларга ёзган мақолаларимиз, китобларимиз ва хотираларимиз қолади.

9. ВАТАН СОҒИНЧИ

“Иккинчи саволингизнинг кейинги қисмида “сизда ўтган йиллар мобайнида ватанга қайтиш ҳисси туғилмадими” деган жумла бор. Менда ватанга қайтиш туйғуси 1940-йил 6-январдан бери мавжуддир, чунки 1939-йилнинг 24-декабрда оташ аравага чиққанимдан кейин ўша куни Туркистон диёридан айрилдим. Шундан бери ватанга қайтиш туйғусидан ҳеч бир ажралган эмасман.

Ватанга қайтишнинг ўзига хос бир саволи бор. Қайси шаклдаги ватанга қайтишим керак? Инсонлари инграган, кўз ёшларидан оққан қонли дарёси хусусиятини билдирган ватанга келгиндиларгина эмас, узлуксиз равишда чет ҳокимият остида яшашга мажбур бўлган ватанга борайми ёки мустақил ва озод ватанга борайми?

Қаноатимча, мен мустақил ва озод ватанимга қайтиб боришни истайман. Бу қарорим менинг виждонимнинг бўлинмас бир парчасидир. Қафасдан қутилган қуш яна қафас ичига киришни ҳавас қиладими? Йўқ, бундай қила олмайман. Мен ватан деб 51 йилдан бери улуғламоқдаман. Оллоҳ умр берса яна бир неча йиллар ҳайратларда бўламан. Лекин титраган, ҳақсиз, эзилган мазлумликка ўргатилиб, бизни “зағчалар” ҳолига келтирганларга раҳматномалар билдириш учун ватанга бора олмайман” [4]

10. 52 ЙИЛДАН БЕРИ ВАТАНДАН ХАБАР ЙЎҚ

“Ватан билан ўтган вақтда алоқалар ўрнатиш учун ҳаракатларда бўлдим. Натижа аъло бўлмади. Балки тузумнинг бюрократияси ва менинг ҳақимда у тарафларда юритилмоқда бўлинган туҳматлар натижасида бўлса керакки, ватан билан боғлана олмадим. Орадан 51 йил ўтгандан кейин менинг ҳаёт бўлган бир синглимнинг бор эканлигини ва ҳатто бир ўғлим ҳам бор эканлигини билдиришди. Буларнинг қанчалик тўғрилигини тўлиқ ўргана олмадим. Горбачев давридан илгари чет мамлакатларга илмий мажлисларга келган илм одамлари билан алоқаларни фақат мажлис пайтида боғладим. 1939-йил 24-декабрдан бери (1991 йилгача, А.Ш.) Ватандан хабар келмади” [4]

11. ОИЛАВИЙ ҲАЁТИ

Билишимча, Б.Ҳайит 1939 йилгача уйланган ва фарзандлари бўлган. Ушбу мақоламнинг 17-параграфида Ўзбекистонда унинг ўғли Бекмирза (Телман) бўлгани ва у 1992 йилнинг январь ойида вафот қилгани ҳақидаги маълумотни келтирганман.

Б.Ҳайитнинг биринчи оиласидан нечи нафар фарзанди ва неваралари бўлгани ҳақидаги маълумотни ҳозирча топа олганим йўқ. Топсам, кейинги мақолаларимдан бирида ёзарман, Аллоҳ хоҳласа. Бу ерда унинг Германияда Иккинчи дунё урушидан кейин қурган оиласи ҳақидаги маълумотни келтираман.

“Оилавий ҳаётим ҳақида маълумот беришим мумкин. Хотиним – олмон, тиббия докторидир. Уч фарзандимиз ва олти набирамиз бор. Улар дорилфунун таълимини олишган. Икки ўғил – нашриётчи. Қизимиз спортчи, яъни спорт муаллимаси. Чўлоқ, кўр, жинни, юраги хасталарни ва қарияларни спорт йўли билан соғлом тутиш соҳасида ишлайди. Ўзбек туркчасини ўргана олмадилар. Туркистонга боғлиқдирлар. Оила ҳаётимиз самимийдир. Фарзандлар, келинлар ва куёв, набиралар ҳар ҳафтада бир дафъа уйимизга келиб, Фарғона паловини еб, оилавий маслаҳатлашиб кетадилар” [4]

12. 1991 ЙИЛ: Б.ҲАЙИТ ҲАҚИДАГИ МАҚОЛА

Мен юқорида улуғ ватандошимиз, раҳматли Боймирза Ҳайит ҳақидаги кўпгина муҳим фактларни [4]-мақоладан келтирдим. Ушбу мақола Тошкентда “Мулоқот” журналида чоп этилиши ва бу мақола атрофидаги жанжал тарихи қуйидагичадир.

“Мулоқот” журнали бош муҳаррири ўринбосари, журналист Ислом Усмонов Б.Ҳайитга 1991 йил бошида 9 та савол билан ёзма мурожаат қилди. Б.Ҳайит барча 9 та саволга жавоб ёзиб, 1991 йил январида Тошкентга жўнатган. Суҳбат Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий комитетининг ижтимоий-сиёсий журнали бўлмиш “Мулоқот”нинг 1991 йил май ойи сонида тўлиқсинча чоп этилди. [4]

Совет Иттифоқининг асосий махсус хизмат органи бўлмиш Давлат хавфсизлиги қўмитаси (ДХҚ-КГБ) ахборот масалалари билан шуғулланарди ва тегишли қонуний ҳамда ноқонуний чоралар кўриш ҳақида давлатнинг турли ҳокимият бўғинларига буйруқ даражасида кўрсатма берарди (ҳозирги Мустақил Ўзбекистонимизда ахборот масалалари билан асосан ДХҚнинг меросхўри бўлган Миллий хавфсизлик хизмати шуғулланмоқда ва шу каби ноқонуний ишларни амалга оширмоқда). Натижада мақола ва Боймирза Ҳайит ҳаёти масаласи Ўзбекистон Коммунист партияси Марказий комитети Тафтиш комиссияси даражасига қадар кўп марта муҳокама қилинган. Натижа қуйидагича бўлган.

“1991 йил 1 август куни журналнинг Бош муҳаррири ва партия ташкилоти секретари Ўзбекистон Коммунист партияси Марказий комитетига чақирилганлар. Тафтиш комиссиясида “Мулоқот”да нашр қилинган суҳбат муҳокама қилинган. Бу йиғилишни Тафтиш комиссияси раиси муовини П.Алисич олиб борган (бу одам ҳали ҳам (1992 йилда, А.Ш.) Президент (Ислом Каримов, А.Ш.) ёнида ишлаб келмоқда). Бу йиғилишда “Мулоқот” масаласини Тафтиш комиссияси умумий мажлисида кўриб чиқишга қарор қилинган.

Ўша куни соат 16да комиссиянинг 20га яқин аъзоси қатнашган йиғилишни Комиссия раиси Шавкат Йўлдошев олиб борган (бу одам ҳозир (1992 йилда, А.Ш.) Ўзбекистон парламентининг раиси). Комиссия раиси муовини Иноғомов “Мулоқот” журналидаги суҳбат билан алоқали нутқ сўзлаган. Сўнгра Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказкоми Мафкура бўлимининг бошлиғи ўринбосари Саиджонов жуда ҳам тутоқиб кетиб, журнални “Ватан хоини Боймирза Ҳайит билан қилинган суҳбатни босиб жуда катта хатога йўл қўйган”, деб айблаган.

Бош муҳаррир Барот Бойқобиловнинг сўзларидан кейин ёзувчи Ислом Усмоновга сўз берилган. Мажлисдагилар Усмоновга “Боймирза Ҳайит билан суҳбатни нашр қилиш фикри кимдан чиққан?”, деган маънода савол беришган. Усмонов жавобида Боймирза Ҳайит ҳаққида ҳар хил ва қарама-қарши фикрларнинг борлиги сабабли бу масалага тўғри ёндошиб ҳақиқатни ўртага чиқариш мақсадида бу ишга қўл урганини айтган.

Бошқа партия мансабдорлари ҳам гапиришгандан кейин “Мулоқот” журналининг номини “Эътиқод” деб ўзгартиришга қарор қилинган. Бундан кейин “Эътиқод” журнали Ўзбекистон Компартияси Марказкомининг “Инсон ва сиёсат” журналига илова сифатида нашр қилинишга бошланган. Шундай қилиб манзара “тамоша кўрники, замона зўрники” қабилига ўхшаган бир тус олган.

1991 йил август ойининг охирида мустақиллик эълон қилингандан 1 йил сўнгра ҳам Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Мулоқот” эмас, “Эътиқод” журналини нашр қилишни давом эттирмоқда. Бу билан Халқ демократик партияси Ўзбекистон Коммунистик партиясининг меросхўри эканлиги яна бир марта исботланди» [1]

13. Б.ҲАЙИТ – ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ АЪЗОСИ

«Истиқлол шарофати билан ўтган замонларда менга қарши қаратилган Совет ҳужумининг камайиб бораётганини кўрганим учун қувонган эдим. Ўзбекистон Ёзувчилар союзининг 1991 йил октябрь ойида ўтказилган Х Конференциясида шоир Нурали Қобул менинг Ёзувчилар союзига аъзо қилинишимни таклиф қилган ва таклиф Конференция тарафидан эътирозсиз қабул қилинган.

Ёзувчилар союзининг раиси қимматли дўстимиз Одил Ёқубовдан 1991 йил 22 октябрь куни соат 17.46да қуйидаги телеграммани олдим:

“Ўзбекистон Ёзувчилар союзининг Х Конференциясида Сизни машҳур бир тарихчи, адабиёт танқидчиси ва илм одами бўлганингизни ҳисобга олиб Ёзувчилар союзига аъзоликка қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу сабабдан Сизни табриклаймиз ва соғлик-саломатлик тилаб қоламиз. Энг яқин замонда Сиз билан кўришиш нияти билан Ёзувчилар союзининг раиси Одил Ёқубов”. [1]

14. 1992 ЙИЛ: Б.ҲАЙИТНИНГ ХАЛҚҚА МУРОЖААТИ

Б.Ҳайит 1991 йил охирида Халққа мурожаат ёзди ва ушбу матн «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1992 йил 3 январ сонида чоп этилди. Мурожаат жуда яхши ёзилган ва унда кўпгина тарихий фактлар ҳаққоний ёритилган. Шу сабабли уни ушбу параграфда тўлиқсинча келтираман.

«АЛҲАМДУЛИЛЛОҲ РАББИЛ ОЛАМИЙН. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокот.

Азиз ватандошларим. Сизларга, сизларнинг фарзандингиз Боймирза Ҳайит мурожаат қилмоқдадир.

Азиз ватандошларим, 52 йил ватандан жудоликда, Ватандан ташқари узоқ мамлакатларда яшадим, миллатим дея тушундим, бутун борлиғимни, ғоямни, вужудимни ва фикр-ҳаётимни миллатимизнинг тақдири, ўтган кунлари ва келажакдаги истиқболи деб, фаолиятларда бўлиндим. Табиий, муҳожирликнинг аччиқ-чучук шартлари, Ватансизлик, бошқа миллатлар орасинда яшашлик, қийин бир ҳолда фаолиятларда бўлинмоқ табиати ила осон бўлмаган бир масала эди. Алҳамдулилло, Ватан деб, миллат деб, яъни унинг озодлигини талаб этиб, узоқ йиллар ҳаракатда… Қўлда қалам билан майдонда бўлиб келинди.

Ватанимнинг бир фарзанди сифатида кўп-кўп ҳақоратларни мен Советлар Иттифоқининг матбуотларидан ва Туркистонимиздаги матбуотлардан, айниқса, совет коммунист матбуотларидан, ёзувларидан, китоб ва рисола ҳамда мақолаларидан кўрган бўлдим. Фикрларимга қарши ёки менинг шахсимга қарши 436дан ортиқ китоблар, рисолалар, мақолалар ёзилди ва бунингда баробар телевидение ва радиоларда, қурултойларда, менинг фикримга қарши, айниқса шахсимга қарши ҳужумлар, туҳматлар, иғволар юритилди.

Мени қотил дедилар, судга берилишимни илтимос қилишди, аммо судга беролмадилар. Фашист дедилар, фашистлигимни исбот этолмадилар, ватан хоини дедилар, мени ватан хоини бўлолганимни исбот этолмадилар.

Ленин миллий сиёсатини сохталовчи, дедилар, аммо Ленин миллий сиёсатининг сохтакорлигини Москва ёки Туркистондаги совет арзандалари энди ўз кўзлари билан кўриб турибдиларки, энди Ленин миллий сиёсати сохтакорлик сиёсати экан.

Буржуа миллатчиси дедилар, табиий, мен миллатчи бўлиб, ўз миллатимни бошқа миллатлар устидан юқори кўтариш учун эмас, ўз миллатимизнинг ўз ҳолинда мустақил яшаши, эркин нафас олиши, бахтли ва саодатли яшаши, ўзимизни ўзимиз тарафимиздан идора этилиши талабларида бўлдим. Бу табиийдир, миллатимни севиш аломатидир, буни бир миллатнинг бошқа миллат устидан ҳокимлигини таъмин этадиган фикр сифатида кўриб бўлмайди ва бунингда, бундай сўзлар асосидан тузилган иғволарни ҳам ҳазм қилдик.

Аллоҳ бугун бизнинг ҳақли бўлганимизни, совет режими ва унинг туркистонлик хизматчилари бу соҳада буюк бир тарихий ёлғон қилганликларини бугун ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Аллоҳнинг раҳми ила эски совет социалист республикалари бирлиги, деган бир императорликнинг чўкиши, 16 миллионга яқин аъзоси бўлган, ҳаммани титратган, ҳаммани қўрқитган зулмнинг ҳукмронлари бугун ўртада йўқдирлар…

Алҳамдулиллоҳ, биз энди коммунизм идеoлогиясининг ҳокимиятидан қутила билдик. Аммо биз коммунизм руҳини ташиган, эски вақтда бу руҳдан тарбияланган одамларнинг ҳокимиятидан қутила билдикми, мен буни билмайман, буни сизлар биласизлар. Биз коммунизмдан айрилган, ўзларини миллий раҳбар деб атаган ватандошларимиз фақат устидаги кийимларини ўзгартирдиларми, буни ҳам мен билмайман. Аммо, миллат бундай одамларнинг ўз миллатига хизмат этишига секин-секин даъват этади, агар даъватни самимий қабул этмаса, ҳаттоки, демократик ҳуқуқлар билан, жанжал-ғавғолар, ур-йиқитлар билан эмас, ўзининг талабларини, қонуний талабларини ва табиий ақлни ҳимоя қилиб бугунги раҳбарлардан масъулият талаб қилиши мумкиндир. Бизнинг халқ кўп қийинчиликларни кўрди, зулмнинг не бўлганлигини кўрди, мазлум бўлиш осон, аммо мазлумликдан қутулиш қийин эканлигини ҳам кўрди.

Маълумингиздирки, Туркистон истилоси 182 йил давом қилди. 182 йилдан бери Туркистон билан Русия ўртасида уруш, ғавғо, ўлиш, ўлдириш давом қилди. Мағлуб бўлдик, мағлуб бўлдик, ҳоким бўлдилар. Оғиз очолмайдиган даражага келдик. Ҳоким давлат, мустамлакачи ҳокимлар мустамлака бўлган бизлардан ўзининг таржимонларини, ҳамтовоқларини, ҳайбаракаллачиларни топа билган эди.

Унутмайликки, бизнинг бошимизга келтирилган фалокатлар фақат Москва режимининг, совет режимининг ёки совет регионида яшаган русларнинг ягона қўли билан эмас, балки уларга ҳомий бўлган ўз ватандошларимизнинг жирканч қўллари ва жирканч қалблари билан идора этилган эди.

Буни шунинг учун ҳам унутмаслик керакки, биз бугун истиқлолга эришган бўлсак, истиқлолнинг қонуни асосида кўринишига эришган бўлсак, аввалам, Аллоҳнинг раҳмати, қолаверса, халқимнинг асрлар бўйи тўккан қонининг ёки қонларининг бугунги натижасидир.

Унутмаслик керакки, чор Русияси давринда, яъни Туркистон чор Русияси ҳокимиятлиги остига киргандан кейин 4600 дан кўпроқ исён кўтарилди. 1919-йилги исённи ҳам унутманг.

1916-йилги қўзғолон у замонда Петербургда Русияга қарши очилган 2-фронт деб ҳисобланарди. Буни ҳам унутмангиз.

1918-йилдан 1934-йилгача давом қилган 16 йилги мужодала, буни совет руслари босқинчилик дедилар, – у ҳақиқий миллий озодлик кураши бўлиб, тарихимиз, қонли тарихимизнинг буюк бир фожиали кўринишидир. Биз босмачилик дедикларини туҳмат деб биламиз. Миллий ҳуррият, исломобод бўлсин, Туркистон туркистонликларники бўлсин, Туркистонда мустақил давлат бўлсин… дея ўртага чиққан бизнинг фидокор, қаҳрамон одамларимиз жабҳаларда қарши курашиб, миллий ҳақларини қурол билан талаб қилган вақтларида 2 миллиондан ошиқроқ кишимиз шаҳид бўлдилар.

Шаҳидларимизнинг руҳлари шод бўлсин, ё Оллоҳ! Нима учун бу қадар кўп қон тўкилди, яъни бу алдамчи, ёлғончи болшевизм миллатларга ҳақ-ҳуқуқ бермаганлигининг оқибати бўлди.

“Босмачилар” деб аталган буюк миллий мужодалага қарши курашда туркистонлилар эмас, совет рус ўрдусининг 140 ва 160 минг қуролли, замбаракли ва қувватли қуролларга эга бўлган аскарлари курашдилар. Биз яна ишғол этилдик, иккинчи марта ишғол этилдик, аммо миллат ўлароқ таслим бўлмадик ва таслим бўлиш ниятида ҳам эмасмиз.

Бизнинг бошимизга тушган кўп-кўп қийинчиликлардан бириси – халқ билан ҳокимият орасиндаги алоқасизлик бўлди. Халқ совет коммунизм режимининг қурбони бўлди. Халқдан сўраб келинган бир иш йўқдир. Тайин этиладиган амалларга функционерларни – партия одамларини ва давлат одамларини тайин этиб, халқдан сўрамасдан халқни идора эта бошладилар, яъни шоиримиз, шаҳид шоиримиз Элбекнинг дедигидек, йиртқичлар мажлисинда арслон бўрини, маймунларни, қўйларни ва тулкини мажлисга даъват этиб, қўйларни идора этиш учун ким керак деганда, тулки чиқиб: “қўйларни идора этадиган ягона қувват бўрилардир”, дебди. Арслон: “Ҳа, бундай бўлса қўйларни бўрилар идора этсин”, дебди.

Бизнинг ҳам шаклимиз бу бўлди. Биз каби одамлар қўйлар деб ҳисобланди. Тулкининг тавсияси билан бўрилар бизга ҳоким бўлди. Бизнинг яшашимизни табиий ҳолда кўрмасдан йиртқич бўрилар ҳаётимизни тўнкара бошлади, бунинг оқибатини ўзингизлар кўп кўрдингизлар. Оллоҳ бундан кейин бундай жазоларни, бундай даҳшатни, бундай пасткашлик зулмини бошимизга келтирмасин.

Халқ билан ҳисоблашиш энг муҳим масаладир, халқ билан ҳисоблашиш ва халққа ҳисоб бермоқ демократиклигимиз, системнинг, яъни давлатни идора этмоқ системининг асосий қонунидир. Агар халқнинг розилигини олмасдан, халқнинг овозини олмасдан қилинган бир иш бўлса, бу халққа хизмат, демократик йўл билан халққа хизмат эмас, балки бир тўда инсонларнинг бирлашган янги диктатураси бўлиб ўртага чиқаверади. Бу сабабдан келажакда халқ масаласига кўп диққат қилишимиз керак бўлади.

Истиқлол деган билан ҳали оғзимиз ширин бўлмади. Аммо истиқлолимиз эълон қилинганидан кейин унинг нақадар тотли эканлигини ҳис этмоқдамиз. Оллоҳ истиқлол қонунини муборак этсин. Бизларни ўз мамлакатимизнинг, ўз миллатимизнинг тақдири, келажаги ва унинг тараққиёти, бахт-саодати учун ишлашга илҳом ва мажбуриятлар юкласин.

Кўп вақт йўлларда ёки бошқа жойларда бўлган вақтимда ёки бўлмаса тушкунлик кунларимда ҳар доим Чўлпонни эслаб келдим. Бизнинг шаҳид, мужоҳид ва кўп жозибали шоиримиз Чўлпон ўзининг “Халқ” деган шеърида:

“Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир…
Халқ қўзғалса, куч йўқдирким, тўхтатсин,
Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.
Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ҳовлиқар, бир ўйнар.
Йўқликни-да, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар.
Бутун кучни халқ ичиндан олайлик
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!”

Будир бизнинг асосий ғоямиз: халқдан халққа, халқ ишидан халқимизнинг ҳаёти ва бахт-саодатига боришимиз керак бўлади. Табиий, бизнинг бошимиздан кечирилган мазлум ҳаётларнинг сабаблари ўзимизда бироз бор. Ҳар вақт ташқари қувват – душман бизга зарар келтирди дейишимиз мумкин, келтирди, аммо бу келтиришнинг сабабларини англаб билишимиз керак.

Машҳур шоир, адиб, драматург, сиёсатчи, профессор Абдурауф Фитрат ўзининг “Темур сағанаси” деб аталган саҳна асарида дейди:

“У Темурнинг сўзи сўзиди. Амир Темурни сўзга чиқариб, Амир Темурнинг шиддатли бир овози билан миллатга хитобни ахтаради. Кўринг – Амир Темур нима дейди. “Мен сизларга кўп нарсаларни қолдирдим. Не бўлдики, бу замонларнинг шарафли ва жасур миллатининг зулми остида қолмиш. Кимлар боғларимнинг қушларини қувмоқда. Оталар меросидан нима қилдингизлар. Сизлардан талаб этеюрум, қалқингиз, сизларга амр қиламан, қалқингиз! Ўлкамизни тузатингиз. Авлодларимни ҳур яшашини таъмин этингиз. Агар бундай қилмасангизлар, ўлка, яъни мамлакат буюк бир мозорлик ҳолига келажакдир”.

Табиий, бундай мозорликни қилишда ўзимизнинг ҳам айбимиз кам эмас. Орамиздан чиққан хоинларнинг роли ҳам кам эмас. Аммо булар ўтишга керак, ўтиш ҳам керак. Аммо хоинларимизнинг миллатимиз бошига келтирган фожиаларини ҳам унутмаслигимиз керак. Ёшларимизга бўлган, ўтган ҳодисаларимизни, шарафли ўтмишимизни ёки орамиздан чиққан баъзи бир шарафсиз ҳолларни ҳақиқатлар билан, яширмасдан тўғри ҳолда ўргатишимиз керак.

Ҳақиқатдан қўрқсак, Аллоҳдан ҳам қўрқмаган бўламиз. Чунки Аллоҳ ҳар доим ҳақсеварлар, ҳақ истаганларнинг орзу-ҳаваслари ва ниятларининг ижроси учун ёрдамчи бўлгандир. Аммо биз кўп вақт алдандик, миллатимизни алдадилар, алдатдилар. Бунинг учун ҳам машҳур шоир, адиб ва драматург Абдурауф Фитрат ёзадики:

“Биз мусулмонлар, ёлғиз алданмоқ учун дунёга келдикми. Бойимиз, ишчимиз, хўжамиз, талабамиз, адибимиз, фалсафачимиз, буюкимиз, кичигимиз Оврўпонинг газетасига, китобига, сўзига, ишига, қонунига, низомига, олтинига ва қизига алданишдан бошқа нарсани билмадилар”.

Буни ҳам унутмаслигимиз керакдур. Келажакда биз халқимизнинг истиқболини таъмин этиш масаласида кўп ўйлаб, тушуниб, кенг усулда халқимизга хизмат қиламан, деб ҳаракатда бўлишимиз керакдур, шартдур. Агар бундай қилмасак, истиқлолимизни эълон қилиб ўтирмасдан, яна бизга ҳокимлар ўз истаганларини юритаверсинлар, биз уларга қул бўлиб хизмат қилаверамиз, деган маъно ҳам келиб чиқиши мумкин. Бундан қутилиш учун, табиийдирки, ўз истиқлолимизнинг мевасини кўришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади.

Аллоҳ миллатимизни, шу, жумладан, сизларни ва бизларни ўз паноҳида сақласин. Чет мамлакатларда бўлган беш миллионга яқин мусулмон, туркистонлик муҳожирлар Ватандан йироқда яшамоқдалар. Улар эрталабдан кечгача дуолар билан, ҳаракатлар билан, умидлар билан мамлакатимизни озодлигини, мамлакатимиздаги халқни ҳурликда яшашини Аллоҳдан орзу-ҳавас этмоқдалар. Аллоҳ буларни ҳам улушсиз қолдирмас.

Биз қўлимиздан келгани қадар Ватаннинг хизматида бўлиб келдик, бундан кейин ҳам Ватан йўлида хизмат қилишга ҳозирмиз. Аммо сохтакорларга хизмат қилиш тарафдори эмасмиз. Биз холис, демократик равишда сайланган ҳукумат ва демократик қонунга асосланган инсон ҳақларига итоат этган ва қурган, миллатимизни ҳурмат этган раҳбарларни истаймиз.

Биз ватан ташқарисида қолдик, аммо ҳар куни, ҳар соат қалбимиз Ватан билан бўлиб келди. Биз Ватаннинг биринчи озод бўлган инсонлари деб ҳис этамиз ўзимизни. Бу эса кўп қийин масаладир. Биз, аввал, озод бўлдик, аввал, озод бўлишганда мажбур бўлдик. Коммунизмнинг энг жирканч хуружи бўлган сталинизм даврининг қурбонлари бўлдик. Қайси қуш ўзининг қимматли бўлган гулидан айрилмоқни истайди. Бизни ватандан кетишга мажбур қилишди. Бизни хоинлар дедилар. Бизни муллаю феодаллар дедилар, аксилинқилобчи дедилар, ўғрилар дедилар. Чет мамлакатлардаги империалистларнинг қуллари, хизматкорлари деган иғволар билан кўрсатдилар, аммо аслида биз ундай эмас эдик. Буни иншаооллоҳ, келажакда тарих сизларга яна кўпроқ ўргата билади. Аллоҳдан сизларга бахт-саодатлар, миллий истиқлол йўлида муваффақиятлар тилайман. Ҳар вақт қалбим ҳар ерда сизлар билан бирга, бахт-саодатингизга эга бўлинглар, бу бахт-саодат миллатимизнинг бахт-саодатидир. Айни замонда бу менинг ҳам бахт-саодатимдир. Миллатимиз ўлмаса, ҳар биримизнинг бу жамият ишида, бу миллат ишида ўйнаган ролимиз бордир.

Бизнинг борлиғимиз, шўъбамиз бўлсин, ишчимиз бўлсин, ҳаммолимиз бўлсин, ҳаммаси бизникидир. Табиати бузуқ инсонларимиз ҳам бордир, аммо табиати, феъли-хўйлари ёмон деб уларни кўчага ташлаш керак эмас. Уларни жамиятимиз ичига олишимиз керак. Инсоф, ахлоқ, миллат ила баробар яшамоқни ўргатишимиз керак.

Бизнинг мамлакатимизда меҳмон бўлиб, яшашга мажбур бўлганларни, миллий озчиликдаги гуруҳларнинг ҳаётини таъмин этишимиз керак. Уларни сиҳат-саломатликлари ва роҳатда яшашларига ёрдам беришимиз керак. Айни замонда шуни ҳам қилиб келдик. Бизга келган, озчиликда бўлган миллий гуруҳлар ўз миллатимиз бўлган турк, яъни маҳаллий халққа қараганда баъзилари ҳаттоки, яхши ишлаган бўлиши ҳам мумкин. Аммо бу демак, эмаски биз келажакда уларга қарши бир нарса чиқарамиз. Йўқ, иғволарга йўл бермаслигимиз керак. Биз тарихимизда адолатли инсонлар бўлиб келганмиз. Қаршимизда бириси нонсиз бўлса, нон бериб келганмиз, суви қолмаганларга сув етказиб берган одамлармиз. Бунинг учун бизга қарши қилинган иғволардан мумкин қадар қутулишимиз керак.

Муҳим масала – халқимизнинг иқтисодий ҳаётини яхшиламоқдир. Бизнинг ҳолимизда яшаган дунёда бундай бир миллат йўқ.

Кечаги кун ҳақида айтсак, 9 миллион инсоннинг бир ойда топган пули 10 кунга етмаса, пахта майдонларидаги касалликлар натижасида, кимёвий моддалардан заҳарланиш натижасида 3 ярим миллиондан ортиқ одам сариқ касал билан касал бўлса. Ҳар йили Ўзбекистонда 284 минг бола бир ёшга кирмасдан ўлса, икки йил ичида 753 та хотин-қизларимиз ўз-ўзига ўт қўйган бўлса, бундай ҳодисаларни ҳозирга қадар на ислом дунёси, на христиан дунёси кўрмаган. Бугунги Туркистондаги бошимизга тушган фалокатларни кўринг. Семипалатинскда очиқ ҳавода ташкил қилинган 140 нафар синалган атом бомбаларининг таъсирини кўринг. Сонсиз ўлган инсонлар, ҳайвонлар, заҳарланган инсонлар, касал бўлиб кўчада инграб ётган одамларни кўринг.

1930-йилда Хидир Алиев дегани каби: “Пахта қизил империализм даврида кафан бўлди, кафан”. Буни унутмаслигимиз керак. Пахтадан воз кечмаймиз. Аммо пахта бизни эзмаслиги керак. Биз пахтани идора қилишимиз керак. Аммо пахта бизни қул қила олмайди. Бунга ҳеч кимнинг ҳақи йўқдир.

Баъзилар, аввал, биз иқтисодий жиҳатдан тараққий этайлик, мустақил бўлайлик, кейин сиёсий жиҳатдан мустақил бўлиб кетамиз деган хаёллардалар. Мен бу фикрда эмасман. Агар сиёсий жиҳатдан мустақил бўлмасангиз, яъни, ўзингизни ўзингиз идора этмасангиз, ўзингизнинг ҳудудингиз бўлмаса, сизга бутун қалби, виждони, имони-ла борлиғини хизмат қилдирган давлат муассасаси бўлмаса, бундай ҳолда мен иқтисодий тараққиётда бўламан, ундан кейин мен мустақил давлат сиёсатида юраман, дейиш хатодир ва бундай қиладиганларнинг ташвиқотлари бўлса, менимча, буларда бир хоинлик изи бор. Мумкин қадар сиёсий мустақилликни, аввал, ўртага қўйишимиз керак. Сиёсий мустақиллик эса ўзининг бутун борлиғи ила иқтисодий мустақиллигимизни таъмин эта билажакдир.

Русларга муносабат масаласи бу ҳаётимизнинг муҳим масаласидир. Чор Русияси бўлсин, коммунизм бўлсин, рус халқининг исмидан ҳаракат этди. Бу ҳақиқатдир. Аммо бунинг учун рус миллати айбдор бўлолмайди. Фақат рус миллати ичидан чиққан баъзи бир одамларнинг ёмон табиати бордир. Булар ҳурриятчилик, яъни озодлик туйғуларини билмайди. Эзилган бир мужикдан бир бошлиқ чиқариб қўйсангиз, эски мужикни эзиб бораверади. Бу эса руслардаги сиёсий характернинг бир кўринишидир. Алҳамдулилло, бундан қутила бошладик, яъни янгидан тузоқларга тушиб қолмаслигимиз керак.

Энг яхшиси, русларнинг ҳокимияти остида эмас, руслар билан ёнма-ён, дўстона, бир-биримизга ёрдам ҳолда яшашга ўрганишимиз керак. Буни энг аввал, русларнинг, ўзлари ўрганишлари керак. Бизларнинг ўрганишимиз осондир. Биз кекчи, ўч олувчи одамлар эмасмиз. Бизнинг табиатимизда, динимизда, хулқимизда, анъанамизда бундай нарса йўқдир. Фақат айтмоқ керакки, бизга қарши қилинган суиистеъмолни бундан кейин биз ҳазм эта билмаймиз. Аллоҳ сизларга ёрдамчи бўлсин!
Сизларга бахт-саодат, миллатимизнинг истиқболи учун энг яхши ниятли фаолиятлар, саломатликлар тилаб қоламан. Сизнинг каби ҳар ерда, ҳар замон қалбим сизлар билан биргадир. Биз туркистонлик мужоҳидлар ва муҳожирлар қўлимиздан келгани қадар Ватан учун хизматга ҳозирмиз.
Ватанимизга озодлик талаб этдик, ўлдик, ўлдирдилар, аммо яна миллатим яшамоқдадир. Соғ бўл, Миллатим!

Миллатимга хизмат қилган қадрли миллатдошларим соғ бўлсинлар. Аллоҳ ҳаммамизни ҳар жойда ҳимоя этсин! Омин.

Сўзларимни тинглаганингиз учун минг марта раҳмат. Мени сўрасангиз, мен фалсафа фанлари доктори Боймирза ёрқўрғонлик Ҳайитмирзанинг ўғли, Туркистон тадқиқотлари институтининг мудири, Байналмилал Туркистон жамиятининг фахрий раисиман. Бутун муҳожирларимиз отиндан сизларга қалбий саломлар, ҳурматлар билдираман, оналаримизнинг қўлларидан, укаларимизнинг кўзларидан, сафдошларимизни юракдан қучоқлаб, хайр.

Аллоҳ саломатлик-ла кўришишга насиб этсин, деб умидларда қолган ватанимизнинг бир фарзанди сифатида бу сўзларни айтишга, билдиришга, журъат қила билдим. Хатойим бўлса, Аллоҳ кечирсин ва сизлар кечиринглар. Бу суҳбатни ўғлим Бекмирзани 51 йилдан кейин илк дафъа қайта кўрганлигим учун, бунинг хурсандлиги, бунинг нашъаси, бунинг севгиси, бунинг фожиаси, бунинг ҳаяжони билан сўзладим.

Энди эмдийлигим келди, агар хато сўзлаган бўлсам, қўпол сўзлаган бўлсам, ишонаманки, менинг азиз миллатим кечиради. Аллоҳ кечиргучидир. Унинг-да баробар Аллоҳ бизнинг ҳаммамизга инсоф, баробарликда ишламоқ, баробарликда тушунмоқ ва миллатимизнинг келажагини ўйламоқ туйғусини, иродасини, қувватини берсин, омин!

Унолғи тасмасидан оққа кўчириб нашрга тайёрловчи: Дадахон ҲАСАН” [8]

15. Б.ҲАЙИТГА ЧЎЛПОН МУКОФОТИНИНГ БЕРИЛИШИ

«Юқорида баён қилинган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо этиб сайлаш ҳақидаги, А.Ш.) яхши хабардан 5 ой 8 кун кейин 1992 йил 31 март куни бошқа бир телеграмма олдим. Бу телеграммада шундай дейилганди:

“Ҳурматли Боймирза Ҳайит. Ўзбекистон Ёзувчилар союзининг Мукофотлар комитети ва Пропаганда маркази номидан Сизнинг Чўлпон мукофотига лойиқ кўрилганингизни Сизга билдираётганимиздан ўзимизни бахтиёр деб ҳис қилаяпмиз. Шу билан бирга Наврўз байрамингиз билан қутлаймиз.

Ёзувчилар союзининг раиси Жамол Камол, Пропаганда маркази раиси Тўра Мирзо”.

Чўлпон каби буюк бир шоир, мужоҳид ва шахидимизнинг номи берилган бир мукофотнинг менга лойиқ деб топилганлигидан жуда ҳам қувондим.

Бу мукофотнинг икки муҳожир “Туркчи-Туркистончи” (проф. Аҳад Андижон ва менга) берилганлиги ватанимиздаги зиёлилар билан чет эллардаги юртдошлар ичидаги солоҳиятимизнинг ортишига сабаб бўладиган бир тушунчани ҳам келтириб чиқармоқда эди» [1]

16. 1992 ЙИЛ: ВАТАНГА ТАКЛИФ

Энди Б.Ҳайитнинг Ўзбекистонга 1992 йил июлида келиши масаласи қандай ҳал этилганлигига доир айрим маълумотлар.

“1991 йилдан буён кўпчилик зиёлиларимиздан “Қачон Ватанга келасиз? Сизни халқ кутмоқдадир” каби ҳаяжонли хабарларни олмоқда эдим. 1991 йилнинг декабрь ойи бошларида Ўзбекистон Тарих институти директори профессор Асқаров билан чет элда 3 кун суҳбат қилиш имконини топдик. Бунинг орасида менинг Ватанга боришим мавзусида ҳам гаплашдик.

Менинг Ватанга бориш масалам Ватанда ва ташқи дунёда узлуксиз муҳокама қилинмоқда эди. 1992 йилнинг январь ойида вафот қилган ўғлим Бекмирза (Телман) менинг Ватанга даъват қилинишим учун қариндошлар ва юртдошлар орасида фаолият бошлатган. Кейинроқ эса бу ҳаракатни набирам Шуҳрат давом эттирган. Наманган вилоятидан мингларча юртдошим президент Каримовга мурожаат қилиб менинг Ватанга боришим ҳаққида ёрдам беришни илтимос қилишган. Баъзи кишилар набирам Шуҳратга “Агар урушга борганлардан рухсат олмасанг бувангни Ватанга қабул қилдиролмайсан” деганлар. Шуҳрат Уйчи ва Наманган шаҳарларида яшаган уруш ветеранларидан рози эканликларини билдирувчи тилхат олиб Уйчи туман ҳокимлигида тасдиқлатган ва Тошкентга юборган.

Шунга ўхшаш Ўзбекистоннинг бошқа жойларида ҳам менинг Ватанга боришим кераклиги тўғрисида айтилган кўпдан-кўп ижобий фикрлар юзага чиқмоқда эди.

Муҳожиратда яшаган Туркистонликларнинг лидерлари ҳам Президент Каримовнинг менинг Ватанга боришимга рухсат берилиши мавзусида талабларини билдиришган. 1991 йил декабрь ойида профессор Аҳат Андижон (туркиядаги жамият раиси) Каримовдан Доктор Боймирза Ҳайит ва Вали Қаюмхоннинг Ватанга киришларига рухсат берилиши тўғрисида илтимос қилган.

Президент Каримов 1992 йил апрель ойида Саудия Арабистонига борган вақтида мухожир туркистонликлардан Аҳмад Али Туркистоний ҳам Боймирза Ҳайитнинг Ватанга бориши учун рухсат берилишини ўтиниб сўраган. Ўлканинг ичида ва ташқарисида бўлган юртдошларимизнинг талаблари Ўзбекистон ҳукуматини беҳузур қилмоқда эди.

Мен Ватандан таклифнома келиши тўғрисида ҳеч қандай маълумотга эга эмасдим. Шундай бир пайтда Ўзбекистон парламенти Фан, таълим ва маданий меросни сақлаш комитети раиси ва Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Тарих институти директори Аҳмадали Асқаровдан кирилл ҳарфлари билан ёзилган қуйидаги факс хушхабарини олдим:

“Ўзбекистон парламентининг 9-йиғилишида (1992 йилдаги, А.Ш.) турли сабаблар билан ташқи ўлкаларда яшаётган ватандошларимизга Ўзбекистонга эркин келиб кетиш ҳаққини берадиган тарихий қарор қабул қилинди. Шу сабабли мен Ўзбекистон парламентининг Фан, таълим ва маданий меросни қўриқлаш комитети раиси ва Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институтининг директори сифатида ўзингизга маъқул бўлган ҳар қандай бир вақтда Сизни рафиқангиз билан Ўзбекистонга даъват қиламан.

Ўзбек халқи ва унинг зиёлилар армияси Сизни 50 йилдан буён идеология соҳасида она юрт Туркистоннинг мустақиллиги учун асарлари билан курашган оловли бир ватандош сифатида танимоқда. Энди биз Сиз каби кучли бир олим билан биргаликда, бир сафда республикамиз мустақиллиги учун курашишимизнинг фойдали бўлишига ишонамиз. Мустақил Ўзбекистоннинг илмий жамоаси Сизни кутмоқда.

Ҳурмат билан – Ўзбекистон Олий мажлиси Фан, таълим ва маданий меросни қўриқлаш комитети раиси ва Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институтининг директори Асқарали Асқаров, 25.05.92.”

Таклифнома жуда нозик бир тил билан ёзилганди. Бундан ташқари Асқаров қайта-қайта телефон қилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар министри Абдуразоқовнинг виза берилиши билан алоқали телеграммаси ҳам Бонн шаҳридаги Рус элчихонасига келган эди. У пайтдаги Россиянинг Люксембург элчиси Чингиз Айтматов ҳам кўп ёрдам берди. Виза берилди. Ватан йўлининг менга очилишидан жуда ҳам севинган эдим. Сафарга чиқиш асносида бизга узоқ замонлардан бери дўст бўлган Қайнар оиласи ҳам (Азиза, доктор Айфер ва Мурат) биз билан бирга боришга ва ҳамроҳ бўлишга аҳд қилдилар» [1]

17. Б.ҲАЙИТ: АЛҲАМДУЛИЛЛОҲ, ВАТАНДАМАН

Б.Ҳайит 52 (!) йиллик айрилиқдан кейин 1992 йил 12 июлида Тошкентга келди. Унда уч ойлик виза рухсати бўлсада, Мустақил Ўзбекистонда шаклланаётган полициявий режим уни 13 кундан кейин, яъни 1992 йил 25 июл куни Ватандан чиқиб кетишга мажбур қилди.

“12.07.1992. Соат 6.30да Ўзбек Ҳаво Йўлларига оид бир учоқ билан Тошкент тайёрагоҳига қўндик. Учоқ ичидаги радиокарнайдан “Боймирза Ҳайитни кутаётибмиз” деган хабар берилди. Президентнинг Фан, маданият ва матбуот масалалари бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Назаров, профессор Асқаров, (шоир, А.Ш.) Жамол Камол ва бошқа зиёлилар кутаётган эканлар. Улар билан учрашиб, тайёрагоҳнинг қаҳвахонасида чой ичдик.

Ташқарига чиққандан кейин Америкадан келган Сайид Бурҳоннинг қизи видеокамера билан фильмга ола бошлади. Бахтиёр мендан такрор тиз чўкиб ерни ўпишимни истади. Бу истак менинг туйғуларимни топтади. Бу сохта саҳнадан кўнглим айниди. Аммо ноилож такрор тиз чўкиб тупроқни ўпдим. Бизни кутиб олган юртдошларимиздан бирортасида на фотоаппарат ва на видеокамера бор эди» [1]

18. ВАТАНДАГИ КЕЧМИШЛАР ВА УЧРАШУВЛАР

“13.7.1992. Бугун Тошкентдаги обидалардан баъзиларини кўрдик» [1]

“14.7.1992. соат 6.00да меҳмонхона олдида эдик ва 7.00да йўлга чиқдик (Наманган сари, А.Ш.). Чотқол тоғи водийсидан ўтиб, соат 16.00 атрофида Наманганга етдик. Шаҳар чегарасида Наманган вилоят ҳокимлигининг вакиллари бизни кутиб олдилар. Халқ карнай-сурнай чалиб йўл давомида бизга гуллар отди. Мен халқнинг орасига кирдим ва олдинда бўлганлар билан кўришдим. Сўнгра ҳокимлик меҳмонхонасига келдик ва ҳоким муовини Дилшода хонимнинг зиёфатини едик.

Йўлда чарчагандик. Бунга қарамай Дилшода хонимдан ота-онамизнинг уйига, яъни Ёрқўрғон қишлоғига кетиш учун рухсат сўрадим. Қишлоқ Уйчи туманида эди. Дилшода хоним ва бошқа юртдошлар мутлақо ҳокимлик меҳмонхонасида қолишимни истадилар. Мен эса “Йўқ, бу ерда қололмайман, бундай қилсам ота-онамнинг руҳини безовта қиламан” дедим.

Бу хусусда узоқ тортишдик. Мен уларга тушунтира олмадим. Улар ҳам мени кўндира олмадилар. Мен туғилган қишлоқ Намангандан ўн километр узоқликда эди.

Тортишмамиз давом этиб, ҳар икки томон ўз фикрини ўтказишга уринаркан, мен бунинг моҳиятини умр йўлдошимга тушунтирдим. У ҳам кетамиз деди ва Дилшода хонимга “Менинг хўжайиним ўз уйига келишни эллик икки йил кутди. Бизга янги уй керак эмас. Умр йўлдошимнинг ота-онасидан қолган уй қандай шароитда бўлса ҳам ўша ерга боришни истаймиз. Бу бир ахлоқий масаладир” деди. Унинг истагини ҳам қабул этмадилар ва умр йўлдошим йиғлай бошлади. Атрофдигилар бизни ҳукумат меҳмонхонасида сақлай олмасликларини тушунганларидан кейин рухсат бердилар ва Дилшода хоним ҳам биз билан бирга кетишга ҳозирланди.

Уйимиз атрофида мингларча юртдошларимиз бизни кутаётган эдилар, улар билан саломлашиб уйга кирдик ва фотиҳа ўқидик. Бироздан кейин мени зиёрат қилишга келганлар микрофон орқали салом нутқи сўйлашимни орзў қилдилар. Мен уларга бошимдан ўтганлар, нима сабабдан Ватандан чиқиб кетишга мажбур бўлганим ва рус коммунизми зулми туфайли юз берган фожеалар ҳаққида гапирдим.

15.7.1992. Ота-онамиз ва оиламиздан вафот этганлар учун фотиҳа буюрган эканлар. Бу кунни дуо билан ўтказдик. Зиёратчилар ярим кеча соат 2.30га қадар келиб-кетиб турдилар.

16.7.1992. Неварамнинг ўғли Қаҳрамоннинг суннат тўйи бошланди. Шу муносабат билан 18.7.1992га қадар уйимиз келиб кетувчилар билан тўлиб тошди. Бирга ўқиган дўстларим, мен билан бирга ишлаган ўқитувчилар ва узоқ-яқиндан келган танишларни кўришга имкон туғилди.

18.7.1992. Почаота дарёси бошланадиган жойга яқин бир ерга бордик. Уйдалигимда ҳар кун бор йўғи уч соат ухлай олдим. Шу сабабдан жуда ҳам ҳолсизланиб қолгандим. Бу ерда ўн олти соатга яқин ухлаб истироҳат этдим. 19.7.1992да орқага қайтдик.

19.7.1992. Ахсикент ва Андижон шаҳарларини зиёрат этдим. Андижонда Бобир университетининг тарих бўлими раҳбари профессор Рустамбек Шамсуддин ўғли билан тарихий тадқиқотлар хусусида суҳбатлашдик. Олмоншунос профессор Мухторжонбек ва Давлат тиллар институти ректорини зиёрат қилдик. Кечаси Ёрқўрғон қишлоғига қайтдик.

20.7.1992. Овқатдан олдин Наманган ҳокими муовини Дилшода хонимни зиёрат қилдим ва самимий кайфиятда у билан хайрлашдик. Дилшода хоним билан суҳбатимиз Наманганнинг эҳтиёжлари ҳаққида бўлди ва мен унга чет элдаги ишбилармонларни бу ерга даъват этиш учун қўлимдан келганини қиламан деб сўз бердим. Кунни уйимизда ўтказдик. Профессор Асқаров эртага соат 8.00 да Тошкентга кетишимиз учун транспорт келишини айтиб, Тошкентда кўришамиз дея хайрлашиб кетди» [1]

19. РЕЖИМ МАЛАЙЛАРИНИНГ СОВУҚ МУНОСАБАТИ

Халқпарвар ва ватанпарвар Боймирза Ҳайитнинг ўз халқи олдида айтган рост гаплари махсус хизмат органи бўлмиш Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари орқали деярли ҳар кун Тошкентдаги ўз раҳбарларига жўнатиб турилган. Оқибатда уни Ўзбекистондан муддатидан олдин чиқариб юбориш ҳақида Ўзбекистон раҳбарияти ва МХХнинг юқори мансабли раҳбарлари ўзаро келишганлар.

Мен 1991 йил июл ойидан 1993 йил 4 октябрига қадар Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси (ЭДП) Тошкент шаҳар ташкилотининг 2-котиби бўлиб ишлаганман. Адашмасам, Б.Ҳайитнинг Ўзбекистонга келгани ҳақидаги хабар матбуотда, жумладан ЭДПнинг марказий органи бўлмиш “Эрк” газетасида чоп этилмаганди. Бу ҳақдаги маълумот у Ўзбекистондан жўнаб кетгачгина “Эрк” газетасида чоп этилди. Бу – бир томондан.

Иккинчи томондан, 1992 йил 16-17 январ кунлари Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасида талабалар норозилиги бўлиб ўтганди. Режим кучишлатар органлари кечаси талабаларга қарши атайлаб ўқ отиб, икки нафар талабани ўлдиришди ва 30 нафардан ортиғини ярадор қилишди. Шу провокациядан кейин мухолифат фаолларига қарши режим қаттиқ тазйиқ бошлади [9]. Яъни Б.Ҳайит Ўзбекистонга келган 1992 йил июл кунлари биз – мухолифат раҳбарлари ва фаоллари авторитар режим кучишлатар органлари яратаётган қаршиликлар ҳамда муаммоларни ҳал қилиш билан жуда банд эдик.

Учинчидан, 1992 йил 29 июн куни “Бирлик” Халқ ҳаракати раисдоши Абдураҳим Пўлатовга қарши бир неча «жиноятчи»ларнинг арматуралар билан провокацион ҳужуми уюштирилди ва унинг бошини арматура билан уриб ёриб кетишди. 1992 йил 2 июл куни ЭДП раиси, Олий Мажлис депутати Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов) Ўзбекистонда диктатура ўрнатилаётганлигига ўз норозилигини билдириб депутатликдан воз кечди ва депутатлик ҳужжатини парламент президиуми столи устига ташлаб парламентни тарк этди. ЭДП раҳбарлари ва фаолларига тазйиқ янада ошди.

Шу ва шунга ўхшаш сабаблар билан биз – мухолифат фаоллари, жумладан мен Боймирза Ҳайитнинг мамлакатимизга келганлигидан бехабар қолдик ва унга ҳамдард бўла олмадик.

Айтишим ўринлики, ЭДП раиси, ўша пайтда Олий Мажлис депутати бўлган М.Солиҳнинг эсдаликлар китоби бўлмиш “Йўлнома” асарида 1992 йил июл ойида Боймирза Ҳайитнинг мамлакатимизга келганига доир ҳеч қандай маълумот ёзилмаган ([7]-га қаранг). Б.Ҳайит билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида учрашув ҳам белгиланганди. Лекин сиёсий режим ушбу тарихий учрашувга йўл бермади.

Демак, М.Солиҳ Б.Ҳайитнинг келиши ва кетиши ҳақида у ёки бу даражада хабардор бўлган бўлиши керак эди.

Мен ушбу катта мақоламнинг 9-параграфида М.Солиҳ 1990 йил март ойида АҚШга бир ой сафар қилгани, буни эшитиб Б.Ҳайит Германиядан АҚШга келиб, беш кун давомида М.Солиҳ билан суҳбат қилгани ҳақида ёзгандим. М.Солиҳ 1990 йилда АҚШда Б.Ҳайит билан ўтказган беш куни ва суҳбатлари ҳақида, 1992 йил июлида унинг Ўзбекистонда бўлиши ва ўша кунлари унга маълум бўлган воқеалар ҳақида каттароқ мақола ёзса бўларди.

“21.7.1992. Соат 7.30да Тошкентга кетиш учун тайёр эдик. Транспорт 8-9 орасида ҳам келмади. Соат 11.00 га яқин ҳокимликка телефон қилишди. Улар бизни Тошкентга олиб борадиган транспорт ҳаққида бирор бир маълумотга эга эмасликларини айтишди. Соат 16.30гача кутдик.

Тобора асабийлашмоқда эдим. Юрагимда ҳам бир оғриқ бошланганди. Ҳовлида ҳокимликда ишлайдиган беш-олти киши бор эди (менимча, булардан кўпчилиги Миллий хавфсизлик хизмати зобитлари эди, А.Ш.). Мен уларга “Оиламизда тўрт-беш машина бор, йўлга чиқиш учун бу қадар кутдим. Ҳеч бўлмаса иккита такси чақираолмайсизларми? Нақадар идроксиз, инсофсиз ва шавқатсиз одамларсиз? Ахир юраги бетоб бўлган 75 ёшдаги Бир одамга бундай муомала қилишингиз ахлоқсизликдир” дея бақирдим. Ҳовлидан икки-уч киши ташқарига чиқди ва улардан бири қайтиб келиб ярим соатдан сўнгра машина тайёр бўлишини айтди. Колхоздан бир “Тайота” машинасини киралабдилар.

Машина 17.20 да келди, яъни тўққиз соату йигирма дақиқа машина кутиш билан банд бўлдик. Йўлга чиқдик. Машина эски ва бузуқ экан. Тошкентга қадар бўлган уч юз километр йўлни тўққиз ярим соатда аранг босиб ўтдик. Йўлда тўрт марта миршаблар тўхтатиб текширишди. Хайриятки, ёнимизда бир миршаб дўстимиз бор эди. Агар у бўлмаганда йўлларда қолиб кетардик» [1]

20. ВАЪДАБОЗЛАР

«22.7.1992. Ярим кечаси соат 2.30 да Тошкентнинг “Туркистон” меҳмонхонасига етиб келдик. Соат 16.00 да Президент идорасидан Абдуқаҳҳор Иброҳим келди. У “Президентнинг вақти бўлмагани учун сизни қабул қилмайди” деди. Мен “Бу хабарингиз учун соғ бўлинг. Президентнинг масъулиятли ишлари кўп бўлса керак. Шу боисдан мени қабул қила олмаслигини ғоят яхши тушунаман,” дедим.

Шундай қилиб тушундимки, менга аввалдан «Сизни Президент қабул қилгандан кейин жамоалар билан учраша оласиз» дейилган гапнинг орқасида ўзига хос бир режа бор экан. Намангандан Тошкентга қайтарканман “Балки Президент жаноблари мени ўн-ўн беш дақиқа қабул қилар, ундан кейин жамоат ташкилотлари билан (Мусулмонлар идораси, газеталар, журналлар, радио, Ёзувчилар Союзи, университетлар, Низомий номидаги Педагогика институти, нашриёт марказлари, ёшлик ташкилотлари ва маданият марказлари каби) муносабат ўрнатарман” дея ўйлагандим. Ваҳоланки, оқибатда менга бундай имкон берилмаслиги учун юқоридаги режа тузилган экан.

23.7.1992. Соат 10-10.30 орасида меҳмонхонага Ташқи ишлар вазири келди. Суҳбатлашдик. Меҳмонхонада вазирнинг бошқа меҳмонлари ҳам бор экан. Вазир “Намангандан Президентга сиз ҳаққингизда ёмон ҳисобот келди. Шунинг учун Президент жуда хафа бўлди” деди. Вазирдан ҳисобот нима ҳақида эканлигини сўрадим. Вазир “Бу ҳукуматнинг расмий ҳужжатидир. Шу боис сизга маълумот беролмайман” деди. Мен эса жавобан “Наманган ҳокимлигидан мен ҳаққимда туҳматдан иборат бир ҳисобот юборгандирлар. Модомики, Президент мендан хафа бўлибди, у ҳолда менга қаратилган айбномани билишим керак” дедим. Охирида мен билан қоронғу бир ўйин ўйнашаётганларини тушундим. Вазир билан хайрлашдик» [1]

21. БАҲОНА ВА БУЙРУҚ

“23.7.1992. Соат 11.50да Бахтиёр Назаров келди. Меҳмонхонада Бахтиёр Назаров, Аҳмадали Асқаров ва мен ўтириб гаплашдик. Стол устида Истанбулга қайтиб кетишим учун билет турарди. Мен қайтиш мақсадида олдиндан жой олмоқ учун ўша куни Ўзбекистон Ҳаво Йўллари бўлимига бормоқ ниятида эдим. Бахтиёр Назаров “Бунга ҳожат йўқ, зеро шу ҳафта ичида мамлакатдан чиқиб кетишингиз керак. Чунки Иккинчи дунё урушининг қатнашчилари сизни бу ерда туришингизга қарши норозилик билдирмоқдалар”, деди.

Бундай бир совуқ истакнинг ўртага чиқиши қонимни қайната бошлади. Назаровдан сўрадим:

“Ким, қандай шаклда бу ахлоқсиз буйруқни берди? Сизнинг урушда қатнашган аскарларингиз билан бизнинг Туркистон озодлиги учун курашган аскарларимиз орасида катта фарқ бор. Сизнинг урушга қатнашганларингиз коммунистик партия ва Сталин учун жанг қиламиз, дея қасам ичгандилар. Биз эса Аллоҳ учун ва Туркистон истиқлоли учун қасам ичгандик”, дедим.

Назаров бўлса “Урушда қатнашганлар бизнинг ҳамюртларимиздир ва уларнинг жуда катта аҳамияти бор” дея жавоб берди. Мен “Агар учоқ бор бўлса бугуноқ мамлакатдан чиқиб кетишим мумкин, фақат проф. Асқаров эртага (24.7.1992) тарихчиларни бир йиғилишга чақирган эди, унга боришим керак. Кейин эса Ўзбекистон Ёзувчилар союзини зиёрат қиламан. Бундан ташқари Тарих институтига бориб, Олмониядан кўтариб келганларим (38 кг оғирлигида) – асарларимнинг фотонусхаларини тақдим этаман” дедим. Назаров “Йўқ, у ерга бормайсиз. Китобларни эса бирортага ташлаб кетишингиз мумкин”, дер экан Асқаров “Бу кишини мен даъват этдим. Тарих институтига борадилар” деди. Бунга жавобан Назаров “Ундай бўлса, бутун маъсулият сизнинг зиммангизга тушади. Шунга қарамай, Ёзувчилар союзига мутлақо бормайдилар”, дея кескин фикрини билдирди.

Назаровнинг шу ҳафта ичида мамлакатни тарк этасиз деган сўзлари мени қаттиқ ранжитганди. Бир инсонга бу шаклда оғир муомала қилиш коммунистик ахлоқнинг табиий бир кўриниши дея тушундим. Шундан кейин ким билан учрашсам қуйидаги гапларни айтдим:

“Табрикланг. Бошқарувчилар менга Ўзбекистондан кет, дедилар. Бундай ахлоқсиз буйруқни ким берганини айтмадилар. Сизлар ва миллатимиз соғ бўлсин. Мамлакатдан кет, дея берилган бу буйруқни мен ҳаётим бўйича унутмайман. Бундай бир буйруқ Москвадан келганига ишонмайман. Президент номидан Назаров менга билдирган бу истак мен учун оғир ҳақорат эди. Аммо бошқа бир томондан эса бундай бир буйруқ мен учун шарафдир”.

Назаров келтирган совуқ хабардан кейин зиёратчилар ҳам оёқларини уздилар» [1]

22. ТАРИХЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

“24.7.1992. Овқатдан кейин Академиянинг Тарих институтига бордим. У ерда 25-30го яқин тарихчи тўпланганди. Проф. Асқаров мени қисқача таништиргандан кейин сўзни менга берди. Аввал келтирган китобларим, мақолаларимнинг фотонусхаларини, асарларим ва конференцияларим учун битилган ёзувларни институт директорига тақдим эттим. Сўнгра чет элларда Туркистонга оид тадқиқотларим ҳаққида маълумот бердим. Тарихчилар билан бир-биримизни яхши англадик. Орамизда бир самимият уйғонди.

Бу йиғилишда менга қарши кўп нарсалар ёзган Борис Лунин ҳам бор эди. У билан танишгандан кейин ҳатто қучоқлашдик ҳам. Мен унга ҳазил қилиб “Сизга катта раҳмат, менга қарши ёзган асар ва мақолаларингиз Совет фуқароларининг менга нафратларини эмас аксинча ёшларнинг менга муҳаббати, самимияти уйғонишига сабаб бўлди” дедим. Тарихчиларга эса “Сизлардан айримларингиз менинг фикрларимга қарши нарсалар ёздингиз. Бундан ҳеч уялманг. Чунки бу режимнинг талаби эди” дея хитоб этдим. Ўртада хафагарчиликка сабаб бўладиган гап айланмади» [1]

23. ВАТАНДАН ҚУВДИЛАР

“25.7.1992. Эрталаб Уйчи туманидан неварам ва айрим қариндошлар келдилар. Мен уларга мамлакатдан кетишим ҳаққида бирор гап айтмасамда, ўзлари хабар топибдилар. Аммо сабабини билмасдилар. Неварам «Нима сабабдан бу қадар тез кетишга қарор қилдингиз?» деб сўради. Мен унга “Ўз орзўим билан кетмаяпман. Бугун ҳукумат мамлакатдан чиқиб кетишим учун буйруқ берди” дедим. Ҳайрон бўлдилар. Тушликни меҳмонхонада қилдик.

Мамлакатдан кетишим ҳаққида ким билан гаплашмайин эски коммунизмнинг истиқлол ниқоби остида неокоммунизм (янги коммунизм) шаклида яшаётганини ҳис қилганимни айтдим.

Бугун Тошкент тайёрагоҳида мени кутиб олган зиёлиларимизнинг менга яқин бўлган баъзилари ва қариндошларимнинг айримлари тарафидан кузатиб қўйилдим. Ҳаммамиз хомуш эдик. Тайёрагоҳ биносига кирган сониядан бошлаб мени яна муҳожирлик туйғусига кўмганлари ва Ватандан қувганларини жиддий бир шаклда ҳис эта бошладим.

Менга Туркистонда уч ой қолиш учун виза берилганди. Олма-ота, Бишкек, Ашгабад ва Душанбе шаҳарлари учун визам бор эди. Аммо Туркистон жумҳуриятларининг пойтахтларига боришга уялдим. Бу қардош жумҳуриятлардаги дўстларимизга “Мени Ўзбек дедингиз, лекин ўзбеклар мени Ватандан қувдилар. Истиқлолга эришилган бир замонда мамлакатдаги неокоммунистлар менинг фикрларимдан қўрқаётганлари ҳайратлидир. Мен Ўзбекистонни бошқараётган неокоммунистларни англай олмадим”, дейманми? Йўқ… Мен бундай қилолмайман» [1]


24. ТУРК ДУНЁСИ ҚУРУЛТОЙЛАРИ

Машҳур ватандошимиз профессор Боймирза Ҳайит умр бўйи Марказий Осиёдаги туркий халқларнинг, яъни Туркистоннинг мустақиллиги учун курашиб, кўплаб асарлар ёзди ва туркий тилли давлатларнинг ўзаро ҳамкорлик қилишини орзў қилди. Аллоҳ унга шундай буюк орзўси амалга ошганини кўриш имкониятини ҳам берди.

Марказий Осиёдаги туркий тилли мамлакатлар – Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон 1991 йил кузида ўз мустақилликларига эришгач, 1992 йил баҳорида Анқарада Турк давлатлари раҳбарларининг 1-саммити бўлиб ўтди. Президентларнинг кейинги учрашувлари бўлмиш 2-саммит 1994 йилда Истанбулда, 3-саммит 1995 йилда Бишкекда, 4-саммит 1996 йилда Тошкентда, 5-саммит 1998 йилда Астанада, 6-саммит 2000 йилда Бокуда, 7-саммит 2001 йилда Истамбулда, 8-саммит 2006 йилда Анталияда, 9-саммит 2009 йил 3 октябрда Нахчиван (Озорбайжон)да, 10-саммит 2010 йил 16 сентябрда Истанбулда бўлиб ўтди. [10]

Саммит доирасида туркий тилли мамлакатлардан келган зиёлиларнинг алоҳида катта йиғилишлари ўтказиларди ва у Турк дунёси қурултойлари деган ном олганди.

Туркий тилли давлатлар раҳбарларининг 2010 йилда ўтказилган 10-саммити ҳақида қўшимча маълумот.

“Саммитдаги асосий воқеа Турк тилли давлатларнинг Ҳамкорлик Кенгашини (Турк Кенгашини, А.Ш.) тузиш ҳақидаги шартномани имзолаш бўлди. Бу Кенгаш умумтурк бирлигини яратиш йўлида муҳим босқич бўлиши мумкин. Кенгаш доирасида Давлат Раҳбарлари Кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари Кенгаши, Оқсоқоллар Кенгаши ва Кенгаш Котибияти тузилади. Кенгашнинг Котибияти Истанбулда жойлашади.

Анқарада жойлашган ТУРКСОЙ, қароргоҳи Бокуда бўлган Турк тилли мамлакатларнинг парламентар Ассамблеяси ва Остонада фаолият олиб борадиган Турк Академияси Ҳамкорлик Кенгашини мустаҳкамлаш йўлида иш олиб борадилар. Бундан ташқари, Бокуда турк маданиятини муҳофаза қилиш билан шуғулланадиган махсус Вақф (Фонд) тузилади, Остонада тарихий тадқиқотлар музейи ва фонди яратилади.

Булардан ташқари, келаси (2011, А.Ш.) йили Туркманистонда МДҲга кирувчи турк мамлакатлари мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлаш ва кейинги саммитни Қозоғистонда ўтказиш хусусида келишилибди” [11]

Туркий тилли давлатлар раҳбарларининг навбатдаги – 11-саммити Қозоғистонда 2011 йил октябрида бўлиб ўтди [12]. Ундаги Туркий давлатлар раҳбарларининг йиғилиши Турк Кенгашининг 1-саммити деган номни олди.

Мен 2011 йилда ёзган мақоламда қуйидаги фикрлар баён этилганди.

«Ўзбекистон Президенти И.Каримов раҳбарлигидаги полициявий режим Туркий тилли давлатлар охирги саммитларида қатнашмаётир. Режим раҳбарияти бу билан ҳам ўзбек миллатига, ҳам умумтурк бирлигига нисбатан катта жиноят қилмоқда.

Умуман олганда, Президент Ислом Каримов туркий халқлар бирлиги ва шу эзгу мақсадлар орқали туркий тилли давлатларда, жумладан Қирғизистон ва Туркманистонда яшаётган ўзбек миллатдошларимиз манфаатини ҳимоя қилмоғи керак. Кеча нима еганини бугун унутаётган 73 ёшли бобой Ислом Каримов туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги ва миллатдошларимизни ҳимоя қилиш борасида Туркистон ғоясига садоқатли зиёли, олим миллатдошларимиздан бирини алоҳида маслаҳатчи қилиб олмоғи ўринлидир ва унинг салмоқли таклифларига қулоқ солмоғи ҳамда бу йўналишда амалий ишлар қилмоғи аждодларимиз ва давримиз талабидир.

Умид қиламанки, “бир оёғи ерда, бир оёғи гўрда бўлган” 73 ёшли Ислом Каримов эсини йиғиб олиб, ҳеч бўлмаганда 2011 йил октябрида Астана ёки Туркистон шаҳрида ўтказилажак Туркий тилли давлатларнинг 11-саммитида қатнашади ва асрлар давомида ўзбек зиёлилари, жумладан Боймирза Ҳайит орзў қилган умумтурк бирлигини мустаҳкамловчи таклифлар билан чиқади»

Афсуски, қариб қартайиб қолган Ислом Каримов эсини йиғиб олмади ва Туркий тилли давлатларнинг 11-саммитида ҳамда кейинги саммитларида қатнашмади. Алал-оқибат 2016 йил 2 сентябр куни чин дунёга рихлат қилди.

Кейинги саммитлар ҳақидаги маълумотни ҳам келтириб ўтсам. Туркий давлатлар раҳбарлари йиғилиши, яъни Турк Кенгашининг 2-саммити 2012 йил 23 августда Қирғизистон пойтахти Бишкекда, 3-саммити 2013 йил 16 август куни Озарбайжоннинг Габала шаҳрида, 4-саммити 2014 йил 5 июн куни Туркиянинг Бодрум шаҳрида, 5-саммити 2015 йил 11 сентябрда Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида, 6-саммити 2016 йил ноябрда Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлди [13]. Турк Кенгашининг 7-саммитига тайёргарлик 2017 йилнинг ноябр-декабр ойларида давом эттирилди ва у Озарбайжонда 2018 йил бошида чақирилиши кутилмоқда. [14]

Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев ўтган бир йил давомида қўшни давлатлар билан борди-келдини яхшилади ва яхши алоқаларга асос солди. Умид қиламанки, Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатларнинг кейинги саммитларида қатнашади ва амалий таклифлар билан ушбу иттифоқни мустаҳкамлайди ҳамда ривожилантиради.

25. 1997 ЙИЛ: Б.ҲАЙИТНИНГ 80 ЁШГА ТЎЛИШИ ТАНТАНАЛАРИ

Улуғ олим Боймирза Ҳайитнинг 80 ёшга тўлишига доир тантаналар 1997 йилда Ўзбекистонда эмас, Туркиядаги Истанбул шаҳрида бўлди.

26. УЛУҒ ОЛИМ ВАФОТИ

Б.Ҳайит Кёлндаги шифохонада

Ватандошимиз, улуғ тарихчи олим ва метин иродали Боймирза Ҳайит 2006 йил 31 октябр куни 88 ёшида Германиянинг Кёлн шаҳридаги шифохонада вафот қилди.

“2006 йил 7 ноябрь куни Германиянинг Кёлн шаҳри масжидида узоқ касалликдан сўнг ўтган сешанба куни салкам 90 ёшида вафот этган таниқли ўзбек олими Боймирза Ҳайитнинг жаноза маросими ўтказилди.

Дафн маросимида олимнинг дунёнинг турли нуқталаридан келган яқин дўстлари иштирок этди. Германиялик депутатлар ва турли ташкилотлар вакиллари ҳам маросимда нутқ сўзлади. Олимнинг ўғли Эртой Ҳайит отаси босиб ўтган машаққатли йўл ҳақида гапирди. Маросимда ўзбек мухолифати вакиллари ҳам иштирок этди.

Европа Турк-ислом бирлиги раҳбари Сардор Чалабей, Европа демократик вақфи раиси Ойдин Ёрдамчи, Туркиянинг “Тўғри йўл” партияси раиси Меҳмет Ағлар, Европа қрим татарлари маданий маркази раиси Рафет Қабонлик ва бошқалар қисқа видолашув нутқи сўзлади.

Боймирза Ҳайит Кёлндаги қабристонга дафн қилинди.

”Эрк” партияси аъзоси Сафар Бекжон Боймирза Ҳайит қабрига Ўзбекистондан келтирилган бир ҳовуч тупроқ ташлади” [16]

“Истанбулдаги Кўч университети профессори Темир Хўжа Боймирза Ҳайит ўлимига бағишлаб мана бу марсияни ëзди:

Ҳайитсиз қолган ватан,
Олимнинг кўзи очиқ,
Ватансиз ғурбатда.
Халқим жимжит, бағри хун
Азиз ватан зулматда.
Бу мотам куни, лек ман
Йиғламайман Ҳайитга.
Йиғлайман Ҳайитсиз қолган
Мазлум Туркистонга” [16]

Б.Ҳайитнинг ватандош авлодлари бўлмиш бизнинг олдимизда муҳим иш бор: у орзў қилганидек келгусида унинг жасадини Ватанга – тарихда Туркистон, бугунги кунда унинг бир бўлаги бўлган Ўзбекистонга кўчириб ўтмоғимиз керак. Бугунги ва эртанги ёш авлодга ўрнак бўлаоладиган тарихий шахслар сувдек, ҳаводек зарур. Боймирза Ҳайит мана шундай тарихий шахс, улуғ олимларимиздан бири эди.

Аллоҳ Боймирза отани ўз раҳматига олсин, охиратини обод қилсин, жойи жаннатда бўлсин, омин!

27. ЮСУФ ЖУМАЕВ: БОЙМИРЗА ҲАЙИТ ХОТИРАСИГА

Таниқли демократ шоиримиз Юсуф Жума 2006 йил 29 ноябр куни раҳматли Боймирза Ҳайит хотирасига бағишлаб шеър ёзганди.

Жисмим ёт тупроқда қолди деб, зинҳор
Руҳинггиз чирқираб, тoлмасин, устод.
Дунё Туркистондан ягона ёдгор
Дунёда тупроқ йўқ туркийларга ёт.

Замин туркийларнинг собиқ кишвари
Замин аждодларнинг ҳокидир ахир.
Сиз биздек мазлумлар пири, сарвари
Сизга боболарнинг бағри мунтазир.

Руҳинггиз тинч бўлсин, этманг безовта
Аму Сир орасин айламанг армон.
Бу Туркистон эмас, кечиринг, ота,
Бу юрт Ғаристондир, бу юрт Ғаристон.

Каттаси хоиндир, кичиги хоин
Хоинлар бор жойда бўлмайди Турон.
Бетилдир бариси, бетилдир ботин,
Руҳинггиз келмасин топмайди омон.

Бу юртдан қочади руҳлар ҳам ҳатто
Аҳли ғаддор эрур, сарбони ғаддор.
Сезаман: тарк этган Нажмиддин Кубро
Тарк этган Беҳбудий, хайли сарбадор.

Жисмим ёт тупроқда қолди деб, зинҳор
Руҳинггиз чирқираб, толмасин, устод.
Дунё Туркистондан ягона ёдгор
Дунёда тупроқ йўқ туркийларга ёт. [17]

2006 йил 29 ноябр

Юсуф Жума ҳақида [18]-мақоламда маълумотлар берилган. Уни 2007 йил 17 декабрда ҳибсга олишди ва 2008 йилдан Ўзбекистон полициявий режимининг даҳшатли Жаслиқ қамоқхонасида азоб чекди. АҚШ раҳбариятининг талаби билан 2011 йил 19 май куни уни қамоқдан озод этишди ва Тошкентга олиб келиб учқичда АҚШга жўнатиб юборишди. У АҚШга 2011 йил 20 май куни келди. Шундан бери АҚШда оила аъзолари билан яшамоқда. Лекин негадир шеърлари интернет сайтларида чоп этилмаётир. Балким у АҚШдаги тинч ҳаётга мослашиб олган бўлса керак …

28. ТАРИХЧИ ОЛИМ БОЙМИРЗА ҲАЙИТ АСАРЛАРИ

“Туркистон тарихшуноси Боймирза Ҳайит – жуда маҳсулдор олимдир. Бу олимнинг биринчи жиддий тадқиқоти 1950 йили Германиянинг Мунстер университети қошида ёқланган “Қўқон Мухторияти ва Алаш Ўрда Хонлиги” [Немис тилида: Dissertation “Die nationalen Regierungen von Kokand (Choqand) Und der Alash Orda”, Munster Westfahlen, 1950, 111 S.] докторлик диссертацияси саналади. Олим мазкур тадқиқотида илк бор “Туркистон (Қўқон) Мухторияти” ҳамда “Алаш Ўрда Хонлиги” номлари билан аталиб келинган Туркистон миллий ҳукуматининг тарихини ҳаққоний ёритишга ҳаракат қилган эди.

Шу тадқиқотидан кейин Б. Ҳайит Туркистон тарихига оид жуда кўп китоб ва 296 та илмий мақола нашр эттирди.

Ҳозирги “мустақиллик” деб атаб келинаётган, аслида “феодал ўзбошимчалиги” бўлиб қолган қонунсизликлар, қийинчиликларга тўла бир даврда ватанимиз Ўзбекистон шаҳар-кентларида зиё аҳли Б. Ҳайит асарларини яна топиб ўқиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Шунинг учун Боймирза домланинг айрим муҳим асарларини санаб ўтишни елкамиздаги мажбурият деб ҳис қиламиз:

1. Туркистоннинг Қисқа Тарихи [Эски ўзбек тилида: Turkistan’in kisa tarixi, Berlin, 1944, 112 bet).

2. ХХ асрда Туркистон [Немис тилида: “Turkestan im XX Jahrhundert”, Darmstadt: Leske Verlag, 1956, 406 S.].

3. Туркистон мисолида Совет Россиясининг Шарқ сиёсати. [Немистилида: “Sowetiche Orientpolitik Am Beispiel Turkestan”, Cologne-Berlin, 1962, 289 S.].

4. ТуркистоннингИқтисодийМасалалари [Турктилида: “Turkistan’in iktisadi maseleleri”, Ankara, 1968, 244 sayfa+13 harita. Turk Kulturunu Arastirma Enstitusu Yayinlari 32, Seri VII, Sayi:AI]

5. РоссияваХитойОрасидагиТуркистон [НемисТилида: “Turkestan zwischen Russland und China”, Amsterdam, Philo Press, 1971, XV+414 S.].
Б. ҲайитнингбуасариҳамТуркиядаги Turk Kulturunu Arastirma Enstitusu томониданнашргатайёрланган, Сери 37.

Букитобтурктилида 1971 йилиАнқарада, 1975 йилиИстанбулдаҳамбосилибчиққан. Қаранг: Rusya ile Cin Arasindaki Turkistan, Ankara, Turk Kulturunu Arastirma Enstitusu, S. 37, 1971, 414 S., 15 harita; Rosya ve Cin Arasinda Turkistan, Istanbul, 1975, Otag Yay., 437 S., 5 harita.

6. ТуркДунёсидаРусИмпериализнинингИзлари [Турктилида: “Turk Dunyasinda Rus Emperyailizminin Izleri”, 1975, 388 S., Sabah Gazetessi Yay., Istanbul].

7. ЕвроосияЮрагидагиТуркистон [Немистилида: “Turkestan im Herzen Euroasiens”, Koln, Studienverlag, 1980, 308 S. + 13 maps].

8. Руссия Ҳукмронлиги Остида Ислом ва Туркистон. Мақолалар тўплами. Б. Хайит турли журнал, тўпламларда босилиб чиққан 31 та мақоласини тўплаб, шу ном билан нашр этган.

Бу инглиз тилидаги мақолалар уч гуруҳга бўлиб берилган: 1. Рус империализми; 2. Совет Иттифоқида исломнинг фожеавий аҳволи: 3. Туркистоннинг ечилмаган масалалари [Инглиз тилида: “ Islam and Turkestan Under Russian Rule”, Istanbul, 1987.
Dr. B. Hayit has collected 31 of his articles which had appeared over the years in various periodicals].

9. Совет Иттифоқида Туркчилик ва Исломнинг Баъзи Масалалари. [Турктилида: “Sovyetler Birligindeki Turkligin be Islamin Bazi Meseleleri”, Istanbul, Turk Dunyai Arastirmalari Vakfi, 1987, 264 S.]

10. “Босмачи”. Туркистоннинг 1917-1934 йилларидагимиллийозодликҳаракатлари [Немистилида: “Basmaschi».Nationler Kampf Turkestan in den jahren Von 1917 Bis 1934.; Dreiam Verlag, 1992, 464 . ]

11. Муҳаммад Иқбол ва Ислом Дунёси. [Турктилида: “Muhammed Ikbal ve Islam Dunyai, Koln, 1956, 22 S.].

12. “Тошкент Руҳи” [Ўзбек тилида, “Миллий Туркистон” нашри, 1959, 52 С]

13. Туркистон ва Шарқ [Немис тилида: “Turkestan und der Orient”, Dusseldorf, 1960, 51 S.]

14. Замонавий Туркистон Тарихининг Баъзи Масалалари [Инглиз тилида: Some Problems of Modern Turkestan History”. East European Research Institute, Dusseldorf].

15. Milliy Turkistan. Hurriyet Davasi. “Milliy Turkistan” Mecmuasinda Bildirilgan Fikrlar. Ataturk Yuksek Kurumu. Ataturk Kultur Merkezi Baskanligi., Muharrir – Temur Kocaoglu, Ankara, 2004, S. 641

(Хайрулла Х. Исматулланинг “Ўзбек тили, 3-жилд: Олий курс” китобидан олинди)” [19]

“Бугун (2006 йил 26 апрелда, А.Ш.) Ўзбекистондан ташқарида туркология соҳасида қанча марказ бўлса, барчасида Боймирза Ҳайитнинг асарлари асосий хужжат сифатида ўрганилмоқда. Оғир хасталикларига қарамасдан кейинги йилларда ўзбек, турк ва немис тилларида яна иккита китоб чоп қилдирдилар. Дунёнинг бир нечта университетларида фахрий докторлик унвонига сазовор бўлган кишининг, ўз ватанида ҳатто фуқоролиги ҳам йўқ” [20]

29. ЎЗБЕКИСТОНДАГИ РЕЖИМНИНГ Б.ҲАЙИТГА МУНОСАБАТИ

Б.Ҳайит 52 йиллик мажбурий айрилиқдан кейин 1992 йил 12 июлда Ўзбекистонга 3 ойлик виза рухсатномаси билан боргани, лекин режим раҳбарияти уни 1992 йил 25 июлда Ватанни тарк этишга мажбур қилгани ҳақида ушбу мақоламнинг 17-24-параграфларида ёзгандим.

Ўзбекистондаги Миллий хавфсизлик хизматига таянган полициявий режимнинг Боймирза Ҳайитга муносабати масаласида қўшимча маълумотлар.

“Ўзбекистон Фанлар академияси етакчи мутахассиси Қаҳрамон Ражабов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўзбек тарихчилигида Боймирза Ҳайитнинг ўрни беқиëс эканини таъкидлади.

“Биз ўзбекистонлик тарихчилар Боймирза Ҳайит номини яхши биламиз, аммо унинг бирорта китоби Ўзбекистонда нашр қилинмади. Биз Боймирза Ҳайит ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Миллий энциклопедиясига киритишга уриндик, бироқ изн берилмади. Қозоғистон Миллий энциклопедиясида Боймирза Ҳайитга кенг ўрин берилган, аммо бизда жим-житлик”, – дейди Қ.Ражабов.

Туркиялик сиёсатчи, собиқ вазир Аҳад Андижонийнинг маълум қилишича, Боймирза Ҳайит илмий мероси учун Истанбулнинг Фотиҳ университети кутубхонасидан махсус хона ажратилди.

Қ.Ражабов ҳам Боймирза Ҳайитнинг илмий мероси Туркияда сақланиш истиқболини маъқуллайди.

“Олдингдан оққан сувни қадри йўқ дейишади, Боймирза Ҳайит адабий мероси Туркияда бўлгани маъқул”, – деди Қ.Ражабов” [15]

30. АЙРИМ ФИКР-МУЛОҲАЗАЛАРИМ

Мен ушбу катта мақоламнинг Кириш сўзида хориждаги мухолифат фаоллари ва раҳбарлари яқинлари Ўзбекистонда вафот этганида уни сўнгги манзилга кузата олмаётгани ва қабрига бир сиқим тупроқ ташлай олмаётганини ўйлаб қаттиқ изтиробга тушаётгани, шундай қийин кунларда Боймирза Ҳайитдек улуғ ватандошимизнинг ҳаёт йўли ва сабр-бардоши ҳар биримиз учун ўрнак бўларли эканлиги ҳақида ёзгандим.

Бу борада Ватанда қолган яқин қариндошим Аҳатова Ҳабиба аммам (1930 июн – 2010 апрел) ҳақида, у 2010 йил апрелида вафот этган кунлари ўз изтиробим ва Б.Ҳайит ҳаёт йўлидаги изтироблар билан фикран таққослаганим ҳақида ушбу 30-бандда ёзай.

Бобом Юсуф Ёқубжон ўғли (1869-1937) ҳақида [21]-китобимнинг 2-параграфида қисқача маълумот келтиргандим. Бобомнинг икки ўғли ва икки қизи бўлган: Муҳаммаджон (1905-1969), Бувойша (1907-1993.13.09), Бувхадича (1909-1934) ва Аҳмаджон (1920-1977.10.09, дадам). Биз Юсупова Бувойшани “катта амма” дердик. Бувойшанинг уч ўғли ва бир қизи бор: Ҳабиба (1930 йил июн – 2010 йил апрел), Абсалом (1933), Абдуфаттоҳ (1936) ва Аъзам (1938).

Ҳабиба аммам турмуш қургач тўрт қиз ва уч ўғиллик бўлди. Адашмасам, 1960-йиллар ўртасида унинг турмуш ўртоғи Аҳатов Суннат ака касал бўлиб вафот этди. Ҳабиба аммам уйида сигир боқиб, бозорда сут-қатиқ сотиб 7 нафар фарзандини ўстириб уйли-жойли қилди.

Мен 1954 йил январида туғилиб, Ҳабиба аммамни болалик давримдан, яъни 1950-йиллар охиридан бери биламан. Ўзбекчилигимиз билан боғлиқ қариндош-уруғлар орасидаги кўплаб оммавий тадбирлар, тўйлар, маъракаю маросимларда бошқа қариндошлар қаторида Ҳабиба аммамни кўрардим ва у билан ҳам озроқ муомалада бўлардим. Истараси иссиқ, кўпинча кулиб муомала қиладиган, меҳри дарё инсон эди. Мен деярли 50 йил давомида Ҳабиба аммам бирор киши ёки қариндошимиз билан тортишиб, бақир-чақир қилганини кўрмадим.

Мен 1997 йил кузидан сураткашлик (фотографлик) қилиб тирикчилигимни ўтказа бошладим ва Ватанимизда инсон ҳуқуқи ҳамда демократия учун курашни баҳоли-қудрат давом эттирдим.

Мен болалигим ўтган шаҳрим Жиззахга йилига бир-икки марта бориб ёки Самарқандга бораётганда ёки келаётганда Жиззахда тўхтаб, айрим ака-укалар, дўстлар ва қариндошларни кўриб суҳбатлашардим. Жиззахда қариндошларимиз кўп бўлганлиги учун мен асосан ёши улуғ қариндошларимизни биринчи навбатда бориб кўрардим, суҳбатлашардим ва уларнинг дуоларини олишга ҳаракат қилардим.

1998 йилда Жиззахга борганимда бир неча қариндошларимникига, жумладан Ҳабиба аммамникига кирдим. У кенжа ўғли Саид (1963) билан бирга яшарди. Ҳабиба аммам билан бир оз суҳбатлашдим ва уларни оила аъзолари билан бирга суратга олишни таклиф қилдим. Уч авлод вакиллари – Ҳабиба аммам, унинг ўғли ва келини, кўпгина катта-кичик неваралари биргаликда суратга тушишди. 1998-йилларда Жиззахда, ҳатто Тошкентда рангли фотосурат ишловчилар кам эди.

Ўзбекчилигимиздаги мана шундай уч, ҳатто тўрт авлод вакиллари аҳил-иноқ яшайдиган уйларнинг файзу барокати, меҳру оқибати бошқачадир. Бу ўзбекчилигимиз, мусулмончилигимизнинг буюк қадриятларидан биридир. Бундай катта оилаларни суратга олишнинг ўз завқи бор.

Ўша оқшом дўстим Набижонникида ётиб, эртаси куни соат 11-ларда Тошкентга қайтдим.
Чилонзор буюм (Отчопар) бозори олдида тушиб бозорга кирдим ва олдин суратга тушганларнинг суратини бериб қўйиш ҳамда фотоплёнкамда туширилмаган кадрлар борлиги сабабли хоҳловчиларни суратга олиш ниятим бор эди. Мен у пайтлар фотоаппаратим, суратлар ва фотоплёнкаларни кичикроқ қора сумкада солиб, чап елкамга илиб олиб юрардим. Фотоаппарат ногаҳон бирор нарсада урилиб ишдан чиқмаслиги учун сумкам пастига латта сетка солиб қўйгандим. Ишдан кейин уйга қайтаётганимда кўпроқ ёки каттароқ нарса харид қилсам, жумладан қовун-тарвузни шу сеткага солиб олардим.

Бозорда харидорлар ва сотувчилар кўп бўлганлиги сабабли йўлаклар гавжум эди. Расталар олдидан, одамлар орасидан ўтиб бораётсам, бир жойда сумкам тортилгандек бўлди. Бирор нарсага илашгандир, деб нарироқ бордим. Чап қўлим билан кўпинча сумкамни ушлаб юрардим. Бир пайти чап қўлим бармоқларига сумкам остида бир нарса илашди. Нима экан, деб ҳайрон бўлдим ва қарадим. Қарасам, қора чарм сумкам остидан катта қилиб кесилган ва кесилган жойдан қизил латта сеткамнинг бир қисми чиқиб турибди. Сумкамни очиб қарадим: ҳайриятки, фотоаппаратим жойида экан.

Мен 1997 йил октябридан 2008 йил октябригача, яъни Ўзбекистонни тарк этганимга қадар 11 (!) йил давомида Тошкент бозорларида ва буюртма асосида фуқаролар уйига бориб фотосураткашлик билан тирикчилик қилдим. Фақат икки марта фотоаппаратимни ўғирлашга ҳаракат қилишди. Биринчи марта ўша Жиззахдан қайтган куним сумкамни кесиб фотоаппаратим ҳамда фотоплёнкани ўғирлашга ҳаракат қилишди (иккинчи марта 2008 йилда Тошкентдаги Қўйлиқ бозорида фотоаппаратимни ўғирлаб кетишди). Фикримча, махсус хизмат органлари ходимлари Жиззахдаги қариндошларим ва дўстим уйида олинган фотоплёнкаларни ўғирлаб кетишга ҳаракат қилишди. Аллоҳга шукур, уларнинг бу шум нияти амалга ошмади ва Аллоҳ бундан асради.

Бир-икки ҳафта ўтгач, Жиззахга кейинги борганимда суратларни қариндошларимга, жумладан Ҳабиба аммамникига киритиб бердим. Жуда хурсанд бўлишди ва дуо қилишди.

Ўзим учун ҳам қариндошларимиз суратини 10х15 см ўлчамда ишлатиб, фотоальбомга солиб қўйдим.

2005 йил 13-14 май кунги Андижон фожиасидан кейин барча демократлар ва инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига қарши таъқиб-тазйиқлар кучайиб борди. Кучишлатар органлар 2005 йил июнида мен ижарада яшаётган уйдан ҳайдаб чиқаришиб, ёз охирроғида уйимдаги 14 банан қутидаги 600 га яқин яхши китобларим, икки банан қутидаги 22 папка қоғозларим, мақолаларим, “Турон йигитига” номли китобимнинг машинкаланган нусхалари ва бошқа анчагина нарсаларимни “ўғирлаб кетиш”ни уюштиришди. Ўғирлаб кетилган нарсалар ичида бир неча фотоальбомларим ҳам бор эди. Ушбу альбомларимдан бирида қариндошларимиз, жумладан Ҳабиба аммам уйида олинган фотосуратлар сақланарди. Яъни Ҳабиба аммамнинг барча суратларини ўғирлаб кетишди.

2007 йилга келиб менга қарши тутишлар, таъқиб-тазйиқлар кучайиб, мени туҳмат билан кўп йилга қамаб юбориш хавфи пайдо бўлди. Шу сабабли Ватанни тарк этишга қарор қилдим. Кетишдан аввал яқин қариндошлар ва дўстларга бу ҳақда айтиш, ёши улуғ қариндошлардан дуо олишни ният қилдим.

2007 йил 17-19 апрел кунлари Жиззахга бориб, кўпгина қариндошларникига, жумладан Ҳабиба аммамникига кирдим. Суҳбатлашиб қариндошларимиз тарихига доир айрим қўшимча маълумотларни билиб олдим. Ўша кунлари Ҳабиба аммам 4 ўғил, 3 қиз, 31 невара ва 16 эвара кўрган Аллоҳнинг бир пиру бадавлат, бахтли бандаси эди.

Суҳбатимиз охирроғида тазйиқлар ҳаддин кучайгани ва мен Ўзбекистонни тарк этишга қарор қилганим ҳақида айтдим. Меҳрибон Ҳабиба аммам кўп ва ҳўп дуо қилди.

1,5 йил қилган ҳаракатларимдан кейин таниқли инсон ҳуқуқи ҳимоячиси, дўстим Елена Урлаева ёрдами ва ҳамроҳлигида Ўзбекистонни Андижон яқинидаги “Дўстлик” чегара пости орқали 2008 йил 12 октябр куни тарк этишга муваффақ бўлдим. Битта сумкамнигина олдим. Сумкамда 1998 йилда Ҳабиба аммам ва бошқа қариндошлар сурати туширилган ўша фотоплёнкам ҳам бор эди.

Бишкекда 2008 йил 13 октябрдан 4 ноябргача, Алматида 2008 йил 4 ноябридан 2010 йил 21 январгача яшадим. Сиёсий қочқин сифатида бошпана беришгач 2010 йил 21 январ куни АҚШдаги Бойси шаҳрига кўчиб ўтдим. АҚШга келганимда қариндошларим туширилган фотоплёнка сумкамда эди. Мен керакли нарсалар, шахсий қоғозлар ва ҳужжатларимни сумкамга солиб, ўзим билан бирга олиб юраман.

2010 йил 23 май куни Жиззахга синглим Райхонга телефон қилдим. У суҳбат давомида 2010 йил бошида Анор аммам (1940-2010, раҳматли Муҳаммаджон амакимнинг қизи), 2010 йил апрелда Ҳабиба аммам вафот қилганини айтди.

Мен 2007 йил 17-19 апрел кунлари Ҳабиба аммам ва Анор аммамникига борганимда уларнинг уй телефон рақамларини ёзиб олгандим. 2010 йил 23 май ва ундан кейин бир неча кун уларникига телефон қилиб, таъзия билдиришга ҳаракат қилдим. Лекин телефонда боғланишга кимлардир, фикримча Ўзбекистон махсус хизмат органлари халақит берди ва боғлана олмадим.

Мен ушбу параграфда 1998 йилда Ҳабиба аммам ўғли, келини ва неваралари билан биргаликда уйда тушган рангли фотосуратини келтирмоқчи эдим. Шу мақсадда 2011 йил 8 апрел куни сумкамдаги учта фотоплёнка қўтичасидаги фотоплёнкаларни қараб чиқдим. Улардан иккитасида Алмати (Қозоғистон)да туширган фотоплёнкам ва учинчисида қариндошларимиз фотоплёнкаси солинган бўлиб, “Қариндошлар” деб ёзилган қоғозчам бор эди. Ушбу қоғозчам бор, лекин қариндошлар, жумладан Ҳабиба аммам туширилган фотоплёнка ғойиб бўлибди.

Энди айтингчи: мен Жиззахда 1998 йилда ўзбек оиласида олган фотоплёнка АҚШ махсус хизмат органларига керакми? Албатта, уларга керак эмас.

Қариндошларим олинган фотоплёнка Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати зобитларига керак. Токи мен ҳурмат қилган яқин қариндошларимни аниқлаш, уларни тазйиқ қилиш орқали менга турли босим кўрсатиш ва шу йўл билан ўз жирканч мақсадларига ишлатишдир. АҚШда ва бошқа мамлакатларда яшаётган ва МХХ кўрсатмалари билан иш қилаётган айрим қочқинларни учратдим.

Ҳабиба аммам ва Анор аммам вафот этганини эшитган, қўнғироқ қилиб таъзия билдирмоқчи бўлган, лекин махсус хизмат органларининг қаршилиги сабабли телефон орқали боғлана олмай изтиробга тушган кунларда ўз изтиробларимни улуғ тарихчи олимимиз раҳматли Боймирза Ҳайит изтироблари билан фикран таққосладим.

Б.Ҳайит 1939 йил охирида ҳарбий хизматга кетиб, 1941 йил июнида Иккинчи дунё урушида қатнашиши, ярадор ҳолда 1941 йил июл бошида асирга тушиши ва фашистлар лагерида 2 йилу 6 ой ва 12 кунлик ҳарб асири бўлгани, ўша пайтларда кўрган қийинчилигию азоблари, Чнестахов шаҳридаги лагерда 260 мингга яқин туркистонли асирлардан 1942-йилнинг баҳорига келиб фақат 300 га яқин юртдошларимиз тирик қолишгани, яъни 1941 йил июлидан 1942 йил апрелига қадар 270 кун ичида 260 мингга яқин, бошқача айтганда ҳар куни деярли минг нафарга яқин туркистонликнинг очлик, совуқ ва касалликдан ўлганини кўргани ва у пайтлар чеккан изтиробларини кўз олдингизга келтиринг.

Боймирза Ҳайит инсоният тарихидаги энг даҳшатли уруш бўлмиш 2-Дунё урушида мағлубиятга учраган Германия шароитида яшаб, 1946-1950 йилларда Мюньхен университетини ўқиб битириши, бунинг учун эса немис тилини мукаммал эгаллаши, немис қизига уйланиб оила қуриши ва фарзандларни катта қилишидаги қийинчиликлар, шу пайтнинг ўзида Туркистон озодлиги учун курашни давом эттира боришидаги қаршиликлар ва танқидлар пайтидаги унинг уй-фикрларию изтироблари бўлган.

Б.Ҳайитнинг 14 нафар ака-укаси, опа-сингиллари бўлганлиги ҳақида 2-параграфда ёзгандим. У 51 йил давомида яқинлари ҳақида Ватандан ҳеч қандай хабарсиз яшашга мажбур бўлганди. 1991 йилга келиб фақат бир синглиси тирик қолганди. 1992 йил 12-25 июл кунлари Ўзбекистонга келиб тирик қолган қариндош ва дўстларини кўргач, Ўзбекистондаги полициявий режим раҳбарияти уни Ватандан чиқиб кетишга мажбур қилишганди.

Демак, Б.Ҳайит ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли на отаси, на онаси, на 14 нафар ака-ука, опа-сингиллари, кўплаб дўстларини сўнгги манзилга кузатишга ва қабрига бир сиқим тупроқ сочиш имкониятига эга бўлмаганди.

Сизу мендек Аллоҳнинг бир бандаси, Туркистон ёки унинг бир бўлаги бўлмиш Ўзбекистон деб аталмиш Ватан фарзанди бўлган, Ватанини жонидан ортиқ яхши кўрган Б.Ҳайитнинг бу ҳақда ўйлаб чеккан изтиробларини кўз олдингизга келтиринг ва ўз изтиробларингиз билан таққосланг. Шунда сизу менинг изтиробларим раҳматли Боймирза Ҳайит изтиробларининг юздан бири, мингдан биричалик эмаслигини тушуниб етасиз.

Боймирза Ҳайит ўзининг улкан сабр-бардоши билан Аллоҳнинг синовидан муваффақиятли ўтганлиги сабабли 51 йил деганда Ватани бўлмиш Туркистон жумҳуриятларининг мустақилликка эришганини кўрди. Яна бир йил ўтгач, яъни 52 йилдан кейин Ватанига боришга ва ўз ватандошлари карнай-сурнайлар чалиб, унинг йўлларига гуллар ташлаб, катта тантаналар билан кутиб олишига гувоҳ бўлди ва халқи олдида ўз юрагида йиғилиб қолган фикр-мулоҳазаларини у ёки бу даражада очиқ айтиш имкониятига эга бўлди.

Хуллас калом, хорижда бир неча йиллардан бери яшаётган, ўз яқинлари вафотидан қайғуга ботаётган ҳақиқий қочқин укаларимиз ҳамда ёшларимизга Аллоҳ синови бўлмиш қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтишга ва катта мақсад йўлида бардавом бўлишга, бу борада улуғ ватандошимиз, тарихчи олим раҳматли Боймирза Ҳайит сабр-бардошидан ўрнак олишга даъват қиламан.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

1. БОЙМИРЗА ҲАЙИТ. Ватанимни зиёрат эттим. – http://www.harakat.net/harakat.php?id_harakat=6&id_topic=355&id_stat=681 (www.harakat.net 1996 йил 3 (6)-сонлари). Туркияда чиқадиган “Туркистон” журналининг 1993 йил 17-18 сонларидан таржима қилинган.

2. БОЙМИРЗА ҲАЙИТ. Икки мақола. — http://kh-davron.uz/kutubxona/uzbek/tarix/boymirza-hayit-ikki-maqola-suhbat.html (www.kh-davron.uz/kutubxona/uzbek/ )

3. АҲМАДЖОНОВ Ш. Боймирза Ҳайит сабр-бардоши. —

http://turonzamin.org/2011/04/11/bhayit-2/#more-14567 (www.turonzamin.org 2011.11.04);

http://yangidunyo.com/?p=18465#more-18465 (www.yangidunyo.com 2011.25.04).

4. Боймирза Ҳайит: «Ватан сизларники бўлгани каби меники ҳамдир». Суҳбатдош: Ислом Усмонов. – “Мулоқот” журнали, 1991 йил май сони, 62-91-б.;
— “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1991 йил 23 июль сони.
http://turonzamin.org/2011/02/27/boymirza-hayit-2/#more-13959 (www.turonzamin.org 2011.27.02).

5. ХАЙРУЛЛА Х. ИСМАТУЛЛА. Устоз ва шогирд суҳбати. – http://yangidunyo.com/?p=263 (www.yangidunyo.com August 1st, 2007);
— Ҳафталик “Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати”, 1992 йил, 3 июл, 4-бет.

6. АЦЦКИЙ СОТОНА. Туркестанский легион (Туркистон легиони). Вали Қаюмхон архивидан. – http://diesel.elcat.kg/index.php?showtopic=646382&st=140 (www.diesel.elcat.kg 03.05.2010).

7. МУҲАММАД СОЛИҲ. Йўлнома. – (Китоб 2000 йилда Туркияда “Эрк” нашриётида чоп этилган);
http://qulnoma.files.wordpress.com/2010/03/muhammad-solih-yolnoma2.pdf (www.qulnoma.files.wordpress.com 2010 yil mart).

8. Б.Ҳайит: Халқимга сўз. – “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1992 йил 3 январ;
http://turonzamin.org/2011/04/05/bhayit/#more-14492 (www.turonzamin.org 2011.05.04).

9. АҲМАДЖОНОВ Ш. Абдуманноб мухолифатнинг яхши лидери эди. —
http://muvozanat.info/index.php?option=com_content&view=article&id=1544:2010-12-27-02-07-45&catid=31:general&Itemid=18 (www.muvozanat.info 2010.26.12);

http://yangidunyo.com/?p=16602 (www.yangidunyo.com 2011.13.01).

10. МУХАМЕТДИНОВ Р.Ф. 9-саммит глав тюркских государств (Турк давлатлари раҳбарларининг 9-саммити). – Газ. «Звезда Поволжья», № 38 (4), 2009 г.
http://www.altyn-orda.kz/kazpressreview/ix-sammit-glav-tyurkskix-gosudarstv/ (www.altyn-orda.kz

11. Турк дунёси 10-чи саммити шунчаки бир йиғилиш бўлдими? (Тузатилган вариант). – http://www.harakat.net/newharakat/el_news.php?id=6745 (www.harakat.net 2009.17.09).

12. Исторический саммит Тюркского совета пройдет в октябре 2011 года в Казахстане – МИД РК (Турк кенгашининг тарихий саммити 2011 йил октябрида Қозоғистонда бўлади – ҚР ТИВ). – http://24news.kz/politics/41392.html (www.24news/politics/ Дек 13, 2010).

13. Тюркский совет (Турк Кенгаши). — https://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%A2%D1%8E%D1%80%D0%BA%D1%81%D0%BA%D0%B8%D0%B9_%D1%81%D0%BE%D0%B2%D0%B5%D1%82 (www.ru.wikipedia.org/wiki/ Материал из Википедии — свободной энциклопедии).

14. Обсуждено влияние геополитических перемен на будущее Тюркского совета (Геосиёсий ўзгаришларнинг Турк Кенгаши келажагига таъсири муҳокама қилинди). — http://cbc.az/ru/v_story/video1510317008 (www.cbc.az/ru/ 10.11.2017).

15. АБДУЛЛА ИСКАНДАР. Боймирза Ҳайит дафн этилди. – http://www.ozodlik.org/content/article/1317290.html (www.ozodlik.org 2006.07.11).

16. АБДУЛЛА ИСКАНДАР. Боймирза Ҳайит вафот этди. – http://www.ozodlik.org/content/article/1317149.html (www.ozodlik.org 2006.01.11).

17. ЮСУФ ЖУМАЕВ. Боймирза Ҳайит хотирасига. – http://turonzamin.org/2006/12/27/yusuf_hayitga/#more-1071 (www.turonzamin.org 2006.27.12).

18. АҲМАДЖОНОВ Ш. Юсуф Жума – 21-аср Машрабидир. Ўзбек зиёлиларига мурожаат. – http://muvozanat.info/index.php?option=com_content&view=section&layout=blog&id=3&Itemid=18 (www.muvozanat.info Tuesday, 18 January 2011 22:05).
http://turonzamin.org/2011/01/20/yjuma-3/#more-13440 (www.turonzamin.org 2011.20.01).
http://yangidunyo.com/?p=16745#more-16745 (www.yangidunyo.com 2011.20.01).
http://himoyachi.at.ua/news/2011-01-20-1918 (www.himoyachi.at.ua 2011.20.01).
http://stopdictatorkarimov.com/YUSUF_JUMA.htm (www.stopdictatorkarimov.com 2011.20.01).

http://uz.hrsu.org/2011/01/20/%d1%88%d1%83%d2%b3%d1%80%d0%b0%d1%82-%d0%b0%d2%b3%d0%bc%d0%b0%d0%b4%d0%b6%d0%be%d0%bd%d0%be%d0%b2%d0%bc%d0%b5%d0%bd-%d1%88%d0%be%d0%b8%d1%80-%d1%8e%d1%81%d1%83%d1%84-%d0%b6%d1%83%d0%bc%d0%b0%d0%bd/ (www.uz.hrsu.org 2011.20.01).

19. ХАЙРУЛЛА Х. ИСМАТУЛЛА. Тарихчи олим Боймирза Ҳайит асарлари. – «Ўзбек тили, 3-жилд: Олий курс» китобидан;
http://yangidunyo.com/?p=263 (www.yangidunyo.com August 1st, 2007).

20. САФАР БЕКЖОН. Туркистон байроғи – Боймирза Ҳайит! – http://isyonkor.ucoz.ru/news/2006-04-26-235 (www.isyonkor.ucoz.ru 2006.26.04).

21. АҲМАДЖОНОВ Ш. Намозхонларни қамаш ва ёллаш сабаблари. 1-қисм (1-8-параграфлар). – http://yangidunyo.com/?p=16537#more-16537 (www.yangidunyo.com 2011.09.01).

E-mail: jiz54@mail.ru

2011 йил 10-22 апрел. АҚШ, Бойси шаҳри

2018 йил 1 январ. АҚШ, Вашингтон шаҳри

Реклама