Рамазон табриги

Муборак дўсту ёрлар, рамазонлар муборак,
Марҳамат ойи сизга, мусулмонлар муборак!

Ғаниматдир бу ойда қилмоқ хайри эҳсонлар,
Рўза, закот жамланган, бу арконлар муборак!

Имон аҳлига келган, бир ажойиб синов бу,
Ҳар йилда бир ой келган, имтихонлар муборак!

Ваъда бор рўзадорнинг гуноҳи авф этилгай,
Мағфират олиб келган, азиз онлар муборак!

Кимнинг имкони бўлса, хайри эҳсон ойи бу,
Фақирлар иззатланган дастурхонлар муборак!

Замин узра Аллоҳнинг каломи инган ой бу,
Таровиҳда ўқилган, шу қуръонлар муборак!

Насиб этсин бу ойнинг, ҳаққин айламоқ бажо,
Жило топган қайтадан, нур имонлар муборак!

Қадр кечаси бордир, бунда минг ойдан афзал,
Қадрин ғанимат билинг, бу имконлар муборак!

Дунё ва охиратнинг нажоти бу ойдадир,
Нажот топган азобдан, қанча жонлар муборак!

Ғофил қолманглар энди мағфиратдан ғуфрондан,
Муборакдир бу ойлар, эй инсонлар муборак!

Саҳвий ислом умматин муборакбод айлайди,
Сизларга хос бўлган бу, шараф шонлар муборак!

…………

Саҳвий

23.04.2020